Ўзбекистон | 22:48 / 16.01.2018
35467
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк 2018 йилда бажарилиши режалаштирилган 6та асосий вазифани маълум қилди

16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки 2018 йил учун асосий ва устувор вазифаларни эълон қилди. Бу ҳақда МБ Ахборот хизмати хабар қилди.

Биринчидан, 2018 йилда биринчи навбатда инфляция даражасига монетар омилларнинг олдини олишга қаратилган пул-кредит сиёсатининг қатъий курси давом эттирилади. Иқтисодиётнинг кредитларга эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда 2018 йилда пул массаси ўсиши суръатларини 12–14 фоиз даражада ушлаб туриш назарда тутилган.

Шу билан бирга ўрта муддатли истиқболда инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш учун барча зарур шароитларни шакллантириш бўйича ишлар фаол олиб борилади. Шу мақсадда ХВФнинг техник миссиясини жалб этиш асосида 2018 йилнинг биринчи чорагида «Пул-кредит сиёсатини ривожлантириш ва амалга оширишнинг ўрта муддатли консепцияси»ни ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Иккинчидан, юридик ва жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта олди-сотдиси тартибини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш, банк операцияларидан фойдаланиш даражасини кенгайтириш бўйича чоралар қўлланилади, жумладан:

а) хорижий валюта олди-сотди операцияларини масофадан туриб ўтказиш механизмини жорий этиш (банкларнинг мобил иловалари орқали миллий ва хорижий валютадаги тўлов карталари ўртасидаги конверсия);

б) мамлакат ичида конверсион тўлов карталаридан нақд хорижий валюта ечиб олишга рухсат бериш ва тегишли банкоматлар тармоғини кўпайтириш.

Учинчидан, нақд пул муомаласини такомиллаштириш вазифалари доирасида муомаладаги банкнотлар тузилмасини оптималлаштириш ишлари давом эттирилади. Миллий валютадан фойдаланишда қулайликни ошириш мақсадида йирикроқ номиналдаги банкнотларни муомалага чиқариш ҳамда майда купюраларни 50,100, 500 сўмлик янги намунадаги тангаларга алмаштириш ҳамда 200 сўмлик тангаларни чиқариш масаласи кўриб чиқилади.

Тўртинчидан, замонавий банк хизматларини кўрсатишга шароитлар яратиш учун инновацион банк технологияларини жорий этиш фаоллаштирилади, жумладан, «рақамли» банклар фаолияти ташкиллаштирилади, чакана хизматлар кўрсатишга ихтисослашган банк бўлинмалари, масофадан туриб банк хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, тўлов тизимини янада ривожлантириш йўлга қўйилади.

Бешинчидан, молиявий хизматлар ўрнатилган талабларга мос келиши юзасидан текширишлар ўтказиш йўли билан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш, уларнинг молиявий саводхонлиги даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Олтинчидан, Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонунлари лойиҳаси янги таҳрирда ишлаб чиқилади:

«Ўзбекистон Республикаcи Марказий банки тўғрисида» — миллий иқтисодиётни кенг миқёсда ислоҳ қилиш доирасида пул-кредит сиёсати ва банк назоратини такомиллаштириш заруриятини ҳисобга олиб;

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» — банклар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўлақонли шериклик муносабатларини шакллантириш учун рақобат шароитларини яратиш ва аҳоли ўртасида банк тизимига ишончли шерик сифатида ишонч уйғотиш;

«Валютавий тартибга солиш тўғрисида» — валюта бозорини либераллаштириш бўйича қабул қилинган чоралар таъсири таҳлилидан келиб чиқиб, инвестицион иқлим ва бизнес-муҳитни яхшилашга йўналтирилган валюта сиёсатини такомиллаштириш.

Валюта бозори, пул муомаласи, монетар сиёсат ва банк секторининг батафсил шарҳлари ҳар бир мавзу бўйича яқин кунларда тақдим этилади.

Мавзуга оид