Жаҳон | 19:30 / 19.01.2018
11866
2 дақиқада ўқилади

Уруш туфайли 1,3 миллион ироқлик болалар уйини тарк этган

Фото: Foto: Felipe Dana—AP/Shutterstock

Ироқда ИШИД гуруҳига қарши уч йил давом этган курашлар даврида яшаш жойидан мажбур кўчирилган 2,6 миллион Ироқ аҳолисининг деярли ярми болалар бўлгани эълон қилинди. Жума куни БМТнинг Женевадаги қароргоҳида мазкур болалар соғлом ривожланиши учун ҳанузгача етарли имкониятларга эга бўлмагани таъкидланди.

Ўтган ой расмий Бағдод ИШИД гуруҳи устидан қозонган ғалабаси ҳақида расмий хабарни эълон қилганди. Шунга қарамай, UNICEF мутахассисларининг айтишича, деярли уч йилдан ортиқ вақт мобайнида давом этган курашлар ироқлик болалар учун ўз уйида соғлом ривожланиш имкониятини батамом йўқ қилган.

Пентагон маълумотига кўра, Сурия ва Ироқда ИШИДнинг 3 минг нафарга яқин жангариси қолган — бу эса 2015 йилдагига қараганда 10 баробар кам, бир йил олдин ИШИД ўз ҳудудларини кенгайтириш учун чор тарафга қараб ҳужум қилиб бораётганди. Жангариларнинг кўпчилиги ўлдирилди (АҚШ маълумотларига кўра, 60-70 минг нафар атрофида террорчи ўлдирилган), яна кўпчилик ватанига қайтиб кетган. Жангарилар Туркия орқали Европага қайтишди ва террорчилик фаолиятини давом эттиришди. Шу тариқа, ИШИД «Ал-Қоида» каби муайян марказсиз террорчилик тармоғига айланди.

Мавзуга оид