Ўзбекистон | 12:20 / 23.01.2018
31120
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти имомлари Наманганга таъзияга боришди

Оғир кунларда доимо бир-бирига елкадош бўлган ўзбек халқи шу кунларда Қозоғистонда рўй берган фожиадан ҳалок бўлган ватандошларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, таъзия билдиришда давом этмоқда. Ҳатто қўшни ва олис вилоятлардан ҳам келиб, бундай қайғули кунларида шерик эканликларини изҳор қилишмоқда. 

Фото: Muslim.uz

Зеро, мўмин-мусулмонлар оға-ини эканлари Қуръони каримда таъкидланган: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар...” (Ҳужурот, 10).

Мана шу хитобни ўзларига шиор қилган Тошкент вилояти имом-хатиблари бош имом-хатиб Хайрулло Турматов бошчилигида фожиада қурбон бўлганларга ҳамдардлик билдириш учун Наманган вилоятига боришди. Вилоятдаги ҳар бир хонадонга кириб, машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига тиловати Қуръон ўқиб, дуолар қилинди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтиб, мусибат эгаларига тасалли берилди.

Имом-домлалар Яратган Парвардигордан ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўрашди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканларини билдириб, сабру жамил тилашди.

Фото: Muslim.uz
Фото: Muslim.uz

 

Мавзуга оид