Ўзбекистон | 19:50 / 24.01.2018
25624
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига қўшилиши кутилмоқда

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Ўзбекистон яқин орада Халқаро миграция ташкилотига қўшилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Бугун, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Хаитов Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий катта маслаҳатчиси М.Профази, ХМТнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Деян Кесерович ва ташкилотнинг Ўзбекистон билан алоқалар бўйича ходими С.Тошбоевлардан иборат  делегацияни қабул қилди. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг ХМТ билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўз навбатида, М.Профази самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон Республикаси ҳудудида фожиавий вафоти муносабати билан ўзининг чуқур таъзиясини билдирди. Профази ташкилот Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ХМТга аъзо бўлиши ҳамда икки томонлама ҳамкорликни келгусида янада ривожлантириш йўлларини муҳокама қилишди. Ўзаро ҳамкорлик йўналишларида чет элларга чиқаётган меҳнат мигрантларининг хабардорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Шу аснода фуқароларнинг хабардорлик даражасини оширишга мўлжалланган ҳамкорликдаги маълумотларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналишларидан бири сифатида узоқ йиллар давомида меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга муваффақиятли тарзда ечим топиб келаётган хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш қайд этилди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Биргаликда одам савдосига қарши курашиш масаласи ХМТ билан ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Ушбу йўналишдаги ХМТ дастурларини Ўзбекистон тажрибаси асосида ҳаётга татбиқ этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Ҳамкорликнинг муҳим ва истиқболли йўналишлари орасида одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари қайд этиб ўтилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон томонига биргаликда молиялаштириш асосида ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Мавзуга оид