Спорт | 12:12 / 25.01.2018
31677
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек футболи араб футболидан ҳам ортда қолди - Очилбой Раматов

Бугун, 25 январь куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон футбол федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси ташкил этилди.

Ҳисобот-сайлов конференциясида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг янги президенти этиб сайланган Очилбой Раматов ўзбек футболининг оғриқли нуқталарини тилга олиб ўтди.

Янги раҳбар ўтган давр мобайнида Ўзбекистондаги футбол стадионларига мухлислар ташрифи кескин камайиб кетганини қайд этиб ўтиб, буни раҳбарият «пастга тушиб ишламасдан, фақат Тошкентда ўтиргани» билан изоҳлади.

«Ҳамма футболчи Тошкентдаги жамоаларга йиғилди. Вилоятлардаги футбол ўлди.

Бу вақтда эса бошқа давлатларда, масалан, араб давлатлари тўғри иш олиб борди, ҳакамликка эътибор қаратилди. Улар ватан учун футбол қанчали кераклигини ҳис қилиб ишлашди. Мана, энди улар биздан ўтиб кетди. Биз эса позицияларимизни йўқотдик.

Ўйинларга томошабин келмай қўйди. Нега? Томошабин келмаса, нега керак футбол? Бу оммавий спорт тури. Иш кунида чарчаган одамлар учун ҳордиқ чиқариш воситаси бўлиши керак. Ёшлар вақтини ёмон ишлар билан ўтказмаслиги учун. Футбол - одамлар учун бўлиши керак.

«Пахтакор» стадионига бир вақтлар 50-55 минг киши келарди. Қани энди ўша мухлислар?

Чунки, бизнинг футболда «ўйин» кўп. Футбол эмас, бошқача ўйин», - дея Очилбой Раматовнинг сўзларини келтиради «Трибуна» мухбири.

Мавзуга оид