«Қандай лавозимда ишламасинлар, ҳеч қачон ваколатларини суиистеъмол қилмаганларига гувоҳман» - Татьяна Каримова
Ислом Каримов фондининг Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан суҳбат эълон қилинди. Унда Татьяна Каримова биргаликда кечирилган ҳаёт, ўша пайтдаги қийинчиликлар ҳақида айтиб ўтди.
“Тўйдан кейин Тошкентдаги икки хонали квартирада жуда оддий ҳаёт кечира бошладик. Бу квартирани Ислом Абдуғаниевич Давлат план комитети раисининг ёрдамчиси бўлган кезларда олганлар. Тинч-тотув яшаганмиз, маошимиз унча катта бўлмагани боис таъмир ишларини ўзимиз қилганмиз. Бўёқ олиб келиб, ўзимиз хона оқлаганмиз, эшик бўяганмиз, полни локлаганмиз, балкон деразасига ойна солганмиз. Ҳеч қачон таъмир ишидан қочмаганмиз. Одатда, Ислом Абдуғаниевич уйдаги таъмир юмушларини ўзлари қилардилар. Барча ишлари бароридан келар эди. Сирасини айтганда, у киши барини ўз қўллари билан қилишни яхши кўрардилар. Керак пайтда қидириб қолмасдик,турли асбоблар солинган бутун бошли жомадоним бўларди. Парма, бўёқ чўткаси, қисқич, омбур, бурагич, болға ва бошқа бирталай асбоблар зарур пайтда асқотарди.
Бир гал Ислом Абдуғаниевич пол бўяётиб лок ҳидидан қаттиқ заҳарландилар. Кучли астма хуружи бошланди, лекин “тез ёрдам” чақиришга изн бермадилар. Туни билан сут ичирдим. Ўша воқеадан кейин бўёқ ҳидини хушламайдиган бўлиб қолдилар.
Ислом Абдуғаниевич шанба ва якшанба кунлари одатда соат 4 га қадар ишлардилар, кейин зарур бўлса биргаликда оқлаш ва бўяш юмушларини қилардик.
Ислом Абдуғаниевич қандай лавозимда ишламасинлар, ҳеч қачон хизмат вазифасидан фойдаланмаганлари, ваколатларини суиистеъмол қилмаганларига гувоҳман. У кишидан пастроқ даражадаги мансабдорлар ҳам бошқача яшар ва шу боис гоҳида умр йўлдошимнинг устларидан кулишар эди. Аммо бу – Ислом Абдуғаниевичнинг қатъий позицияси эди.
Ҳатто давлат боғ-ҳовлисида яшаганимизда ҳам аввалгидек аксар ишларни ўзлари қилишни афзал билардилар. Масалан, кечқурун ишдан кейин деворга картина осиш ёки мебель ўрнини ўзгартириш фикри туғилиб қоларди. Гарчи мен эътироз билдириб, бу ишни эртаси куни хизматчилар билан қилишларини сўрасам-да, Ислом Абдуғаниевич кутиб ўтирмай ўзлари ишга киришиб кетардилар”.
Мавзуга оид
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
13:30 / 02.09.2024
Фото: Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
20:03 / 26.08.2024
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, қурилиш ишлари билан танишди
22:12 / 14.02.2024