Жамият | 23:26 / 03.02.2018
109578
5 дақиқада ўқилади

Сохта абитуриентлар аниқланди, аммо улар аллақачон талаба

2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган қарор билан олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилди. Янги қарор педагогика соҳасида бир неча йиллар давомида меҳнат қилиб келган устозлар учун шундай имконият яратдики, айнан сиртдан туриб ўқиш шароити ва олий маълумотли бўлиш истагида бўлган ўқитувчи, тарбиячилар учун ҳақиқий тантана бошланганди. Аммо, амалда ундай бўлмади.

Президент томонидан имзоланган қарорнинг 6-бандида «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017 йил 30 сентябргача 2017/18 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимига 1-курсга талабаларни қабул қилиш юқори савияда ва адолатли ўтказилишини таъминласин» дейилган. Ҳар икки вазирлик мутасадди раҳбарлари бу вазифани уддалай олмади.

Гап шундаки, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида жойлашган 8-умумтаълим мактабидан фақат беш нафар «​педагог»​нинг ҳужжатлари туман Халқ таълими бўлимига юборилган. Ваҳоланки, ўқиш истагини билдирган, низом талабларига тўлақонли мос келган ўқитувчилар кўп эди. Ҳақиқатан, мушук офтобга текинга чиқмаса керак, мактаб директори қасддан лойиқ номзодларнинг ҳужжатларини юқори кенгашга юбормаган. Шу ҳам етмагандай, сараланган «педагог»​ларнинг ҳужжатларида аниқланиши лозим бўлган камчиликларга туман мудири Бойматов панжа ортидан қаради. Алалхусус, беш нафар номзод вазирлик томонидан олий таълим муассасасида махсус сиртқи бўлимда ўқишга тавсия этилди. Не ажабки, улар ҳозир талаба. Бу ўринда давлат раҳбари имзолаган қарордаги «юқори савия ва адолатли» саралаш ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас.

Ишнинг моҳияти шундаки, талабаликка тавсия этилганлар ичида 11 йилдан буён мактабда ишламаётган, педагогик кенгаш «тавсия» этмаган, ўрта махсус маълумоти тўғрисидаги дипломини сохталаштирган, етарли педагогик тажрибага эга бўлмаганлар топилади. Абитуриентларни саралаш, муносибларни талабаликка тавсия этиш нима учун тузилган? Айнан шундай нолойиқларни ўтказиб юборишни осонлаштириш учунми?

Масалан, Нилуфар Азимова 2004 йил Фарғона ижтимоий-иқтисодиёт коллежини тугатган, мутахассислиги хўжалик масалалари ҳуқуқшуноси, ҳисобчи, кадрлар бўйича инспектор. Нилуфар 2006 йилдан буён 8-мактабда ишламайди. 11 йил таълимдан четда бўлган, қолаверса, уй бекаси бўлиб ўтирган айни талаба  ҳужжатларида Нилуфар педагогика коллежини тамомлагани айтилади. 

Бундан ташқари, Фарғона давлат университетида Халқ таълими вазирлиги тавсиясига кўра махсус сиртқи бўлимда таҳсил олаётган Зарифа Бойбоевани эса мактаб педагогика кенгаши абитуриентликка ҳам тавсия этмаганди. Шунингдек, Санобар Расуловани ҳам кенгаш тавсия этмаган. Яна қарорга беҳурматлик, яна низом талаби бузилмадими? Озода Нуриддинова ҳам низом талабларига зид равишда, талабаликка сараланган. У мана шу мактабда лаборант бўлиб ишлаган, ўқитувчи эмас. Энг ачинарлиси, талабаликка тавсия этилганлар орасида мактаб собиқ директори Ҳамдамовнинг талабаликка нолойиқ синглиси ҳам бор. Нега жон куйдириб, шу масалага қайта-қайта мурожаат этдим?! Сабаб битта: халқ адолатга, ҳукумат олиб бораётган ислоҳотларга чин юракдан ишонсин, раҳбарларга ёрдам бериб, ҳақиқий порлоқ келажакни қуришда камарбаста бўлсин. Афсуски, жойлардаги айрим ғаламис бошлиқлар ноҳақликка йўл қўйиши оқибатида жамоатчиликнинг фикри яна салбий томонга ўзгариб қолмоқда.

Ишнинг миси чиқиши билан шу пайтгача 8-умумтаълим мактаб директори лавозимида ишлаб келган Д.Ҳамдамов вазифасидан озод этилиб, эндиликда 23-умумтаълим мактаби директори сифатида иш бошлаган. Олтиариқ тумани Халқ таълим бўлими мудири Бойматов эса «ҳайфсан» жазоси билан «қутулди». Муҳими, сохта абитуриентлар талабага айланди, бу ишдан ким ва қай услубда манфаатдор, бизга номаълум. 

Аммо, Kun.uz мавзуни давом эттириб, келгусида «махсус сиртқи бўлимига кириш» бўйича амалга оширилган барча найрангларни ошкор этади. Шунингдек, олий таълим муассасаси раҳбариятидан номлари юқорида зикр этилган «педагоглар»ни талабалар сафидан четлаштиришни, вилоят прокуратураси эса мазкур иш юзасидан жиноий иш қўзғатишини сўрайди.

Мавзуга оид