Жаҳон | 19:15 / 04.02.2018
16881
2 дақиқада ўқилади

Анқара АҚШни курд кучлари кийимидаги америкалик ҳарбийларга зарба беришидан огоҳлантирди   

Фото: EPA/MARIJAN MURAT

Суриялик курдларнинг мудофаа кучлари (YPG) кийимини кийиб олган америкалик ҳарбийлар Туркия қуролли кучларининг Суриядаги ҳарбий амалиёти нишонига айланиши мумкин. Бу ҳақда Туркия бош вазири ўринбосари Бакир Бўздаг айтиб ўтди.

Охирги вақтда АҚШ YPG’га кўмак кўрсатаётгани сабабли Анқара ва Вашингтоннинг муносабатлари кескинлашган. 

“Агар террорчилар (YPG) Суриянинг Манбижини тарк этмасалар, унда биз бу ҳудудда ҳамда Фрот дарёсидан шарқда ҳам амалиёт бошлаймиз. YPG кийимидаги АҚШ ҳарбийлари ҳам қуролли кучларимиз нишонига айланади”, деб айтган Бўздаг CNN Turk телеканали эфирида.

Бўздаг 31 январда Вашингтонни Сурияда америкалик ва туркиялик ҳарбийлар тўқнашмаслиги учун чоралар кўришга чақирганди. Унинг айтишича, Анқара бу юз бермаслиги учун барча чорани кўрмоқда, бироқ АҚШ ҳам бунинг учун ҳаракат қилиши лозим.

Туркия 20 январдан бошлаб Суриянинг Афринида курд тузилмаларига қарши ҳарбий амалиёт олиб бормоқда. Бунда Анқарага Сурия озод армияси жангчилари кўмак кўрсатмоқда.

Мавзуга оид