Иқтисодиёт | 15:17 / 08.02.2018
14370
2 дақиқада ўқилади

Айрим маҳсулотларни Ўзбекистон орқали транзит қилишни соддалаштириш режалаштирилмоқда

Фото: Morgan International

Ташқи савдо вазирлиги томонидан мамлакат ҳудуди орқали транзит қилишда таомилларни соддалаштириш, ишончли транспорт транзит йўлакларини шакллантириш ва транзит ташиш оқимларини оширишга қаратилган президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Norma.uz’нинг ёзишича, лойиҳа билан қуйидагилар тўғрисидаги талабларни бекор қилиш таклиф қилинмоқда:

•  мамлакат божхона ҳудуди орқали алкоголли ва тамаки маҳсулотларини автомобиль ва темир йўл транспортида транзит қилишда Вазирлар Маҳкамасининг рухсатномасини олиш;
•  маҳсулотларни давлат ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш факти тасдиқлангандан кейин киритилган суммани қайтарган ҳолда ташувчи томонидан Ўзбекистон божхона органлари депозит ҳисобварағига тегишли божхона тўловлари (божхона божи, акциз солиғи, ҚҚС) пул таъминотининг барча суммасини киритиш.

Мазкур тартиб президентнинг 4.10.2007 йилдаги ПҚ-703-сон “Акциз солиғига тортиладиган айрим турдаги товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит йўли билан олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий этилган. Қайд этилишича, юқорида кўрсатилган ҳужжат қабул қилинган пайтдан бошлаб 2007 йилдан эътиборан алкоголли ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон орқали транзит қилиш деярли амалга оширилмаган.

Кутилишича, тартибни бекор қилиш транзит қилиш таомилини сезиларли даражада соддалаштиради ва транспорт ташиш ҳажмларини янада оширишга туртки беради.

Мавзуга оид