Жаҳон | 09:00 / 09.02.2018
7828
3 дақиқада ўқилади

Сахалин собиқ губернатори порахўрлик учун 13 йилга қамалди 

Фото: Фото: Юрий Смитюк

Южно-Сахалинск суди Россиянинг Сахалинск области собиқ губернатори Александр Хорошавинни порахўрлик ва пул ювишда айбдор деб топди. Бу ҳақда Sakhalin.info хабар бермоқда. Судья Елена Поликина ўз қарорида, портал маълумотларига кўра, прокурорнинг талабларига тўла амал қилди ва Хорошавинни 13 йилга қаттиқ тартибли колонияда озодликдан маҳрум этиш ҳамда 500 миллион рубль миқдорида жаримага тортиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ушбу ишга жалб этилган бошқа шахсларга нисбатан анча юмшоқроқ жазо тайинланди: Хорошавиннинг собиқ маслаҳатчиси Андрей Икрамов 9,5 йилга қамалди ва 171 миллион рубль жарима тўлайдиган бўлди. Минтақа ҳукумати раисининг собиқ ўринбосари Сергей Карепкин 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди ҳамда 4 млн рубллик жарима тўлайди, Сахалиннинг қишлоқ хўжалиги, савдо ва озиқ-овқат бўйича собиқ вазири Николай Борисов эса фақат битта эпизодда айбдор деб топилди ҳамда 2,5 млн рубллик жаримага тортилди. Борисов аввалроқ ўз айбини қисман тан олиб, тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлганди.

Хорошавиннинг собиқ собиқ ўринбосари - Карепкин ва Икрамовнинг адвокатлари - «Интерфакс»нинг ёзишича, суд қарорига нисбатан шикоят аризаси билан чиқишади. «Менинг мижозимнинг айби исботланмади. Биз шикоят қиламиз ва ҳақиқатга эришамиз», - деди Карепкиннинг адвокати Игорь Янчук журналистларга. Икрамовнинг ҳимоячиси Юрий Сюзюмов эса бундай қарорни «асоссиз» дея атади. «Биз охиригача боришни режалаштирмоқдамиз, биз Европа суди билан боғланишга тайёрмиз», - дея маълум қилган у. Хорошавиннинг адвокати Ольга Артюкова, агентликнинг аниқлик киритишича, ўз навбатида суд биносини журналистлар билан гаплашмасдан тарк этган. 

Сахалин собиқ губернатори 2015 йилнинг март ойида ҳибсга олинган. Ўшанда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни 60 миллион рубль миқдорида пора олганликда гумон қилишди. Шу билан бирга, Тергов қўмитасидан маълум қилишларича, ўтказилган тинтувлар давомида рубль ва валютада «катта сумма», шунингдек қиммат соатлар, телефонлар ва заргарлик буюмлари топилган. Шундан сўнг собиқ губернаторнинг ҳисоб рақамлари ва мол-мулки хатловга олинди. Кейинчалик, прокуратура талабига биноан, улар давлат мулкига ўтказилди. Хорошавин бу қарорга шикоят қилишга уринди, бироқ суд собиқ амалдорнинг шикоятини кўриб чиқишдан бош тортди. Ҳаммаси бўлиб, Хорошавиндан 1 млрд рублдан кўпроқ қийматга эга бўлган мол-мулк олиб қўйилди.

Мавзуга оид