Ўзбекистон | 17:20 / 13.02.2018
38302
7 дақиқада ўқилади

Гўшт нархи ошиши сабаблари ва унга қарши чоралар — иқтисодчидан вазирликка таклиф

Иқтисодчи Ўзбекистонда гўшт ва гўшт маҳсулотлари кўтарилиб кетгани сабаблари бўйича ўз фикрлари билдирилган мактубини таҳририятга йўллади.

Ассалому алайкум, KUN.UZ сайтининг ҳурматли ходимлари. Сайтингизда республикамиз аҳолиси ҳаётидаги долзарб муаммолар ва давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида бўлаётган ўзгаришлар холисона ёритилиб бораётганини кузатган ҳолда, ушбу фикрларимни айнан сиз билан ўртоқлашишни лозим топдим.

Агар менинг хулосаларим сайтингизда эълон қилиниб, мутасадди ташкилотлар эътиборини жалб қилса, ўйлайманки, жуда ўринли иш бўларди. Сайтингизда Иқтисодиёт вазирлиги томонидан эълон қилинган материалларда (Гўшт нархи нега кўтарилиб кетди?) гўшт нархи ошиб кетишига ем маҳсулотлари таннархи қимматлиги ва реализация билан боғлиқ ишларда «воситачилар»нинг кўпайиб кетгани асосий сабаблардан деб кўрсатгани ҳамда нархларни бир меъёрда ушлаб туриш учун бозорларга арзон нархларда гўшт етказиб берган фермер ва қоракўлчилик хўжаликларига ёғ-мой корхоналари маҳсулотлари биржа савдолари орқали имтиёзли шартларда ажратилиши ва бошқа чораларидан кўриниб турибдики, улар томонидан гўшт нархи ошиб кетишининг асосий сабаблари ҳамда уларни бартараф этиш чоралари тўлиқ ва холисона ўрганилмаган. Шу сабабдан, тааллуқли соҳаларда узоқ йиллар ишлаган олий маълумотли иқтисодчи сифатида ўз фикримни билдираман.

1. Ем маҳсулотлари асосан давлат тасарруфида булган Ёғ-мой ва Донмаҳсулот корхоналарида ишлаб чиқарилаётгани ва нархлари давлат томонидан қатъий белгилангани сабабли таннархининг қимматлиги ем маҳсулотлари нархи ошишига ва мос равишда гўшт нархи кўтарилишига олиб келмайди.

2. Президентимизнинг 19.01.2018 йилдаги Ёғ-мой маҳсулотлари нархи асоссиз ошишига қарши қаратилган қарори билан Озуқа-ем таъминоти бирлашмалари тугатилгандан кейин ем-маҳсулотларининг реализацияси билан шуғулланувчи биргина расмий воситачи бор, у ҳам булса Товар ва хомашё биржасидир.

3. Бозорларимизда сотилаётган гўштнинг 50 фоизидан кўпроқ улуши аҳолининг иш билан таъминланмаган қатлами томонидан шахсий хўжаликларда етиштирилаётганини ва бу фаолият Президентимиз томонидан рағбатлантирилаётган тадбиркорликнинг бир кўриниши эканини ҳисобга олган ҳолда уларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмаган.

Шу сабабдан, фақат арзон гўшт сотаётган фермер хўжаликларига (кўпгина ҳолларда «арзон гўшт сотди», дейилган қалбаки маълумотларга асосан) биржа савдолари орқали ем маҳсулотлари имтиёзли ҳолатда сотилганда ҳам, 1 кг гўшт етиштириш учун қора бозорда ўртача нархи 1700-2200 сўм бўлаётган 18-20 кг ем маҳсулотлари сарф бўлиши ва бошқа харажатлар ҳисобга олинса, 1 кг гўштнинг таннархи 35–40 минг сўмга, мол боқувчи ва «инсофи ҳаминқадар» қассобнинг фойдаси қўшилса, сотилиш нархи 45–50 минг сўмга тўғри келмоқда.

Гўштнинг нархи мажбурий ушлаб турилган тақдирда эса (бугунги кунда айнан шундай қилинмоқда) кўриладиган зарарлар оқибатида аҳолининг ҳисобидаги айланма маблағи ва мос равишда боқувдаги молларнинг бош сони камайиб, гўшт танқислиги юзага келади ва халқимиз гўштни кўп истеъмол қилиши эвазига нархлар кескин тарзда кўтарилиб кетади.

Шу сабабли, амалда синалган ва қисқа фурсатда гўшт етиштиришни кўпайтириш ва нархларни сезиларли даражада тушириши мумкин бўлган қуйидаги чора-тадбирларни таклиф қиламан:

1. Ишлаб чиқарилаётган озуқа-ем маҳсулотларининг асоссиз равишда қиммат сотилаётганига энг асосий сабабчилар бўлган, амалдаги қонунларимизни қўпол тарзда бузиб, ўзбошимчалик билан иш юритаётган, узоқ йиллардан буён сохта «инвесторлар» томонидан бошқарилаётган Ёғ-мой ва Донмаҳсулот корхоналарида тўлиқ Давлат назоратини ўрнатган ҳолда ошкора авжига чиққан коррупцияга ва ем маҳсулотлари савдоси билан ноқонуний шуғулланаётган қаллоб «тадбиркорлар»га қарши (пахта чигитини ноқонуний қайта ишловчиларга қўлланилаётгани каби) кескин чоралар қабул қилиш;

2. Балансида битта ҳам чорва моли бўлмаган ҳолда ярмаркаларда «арзон гўшт сотаётган» ва мол бош сони камайиб кетгани учун ажратилган ем маҳсулотларини биржа савдолари қоидаларига зид равишда аҳолига қиммат нархларда қайта сотаётган фермер ва қоракўлчилик хўжаликларини инвентаризация қилиш;

3. Озуқа-ем маҳсулотлари нархларини ишлаб чиқарувчиларнинг рентабеллик даражасини ва сотиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва олдиндан маълум харидорлар рўйхати ва нархлар чегараси тақдим қилинадиган, қонуний ва ноқонуний воситачиликлари оқибатида нархларнинг ошишига сабаб бўлаётган, ем маҳсулотларига нисбатан мантиқсиз биржа савдоларини (хусусий корхоналарда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинаётган ем маҳсулотлари истисно тариқасида) бекор қилиш, арзон гўшт сотган фермер хўжаликларига ҳамда қоракўлчилик хўжаликларига ҳақиқатда сотган гўшт маҳсулоти миқдори ва мол бош сонига мос равишда ваколатли вазирликлар томонидан ойма-ой фондлар ажратиш;

4. Аҳолининг асосий фаолияти ва шахсий чорва хўжаликларидаги чорва молларининг бош сонини ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий ҳокимликлар ва маҳала фуқаролар йиғини дислокациясига асосан ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ташкил қилинган савдо шохобчалари орқали, аҳолига нақд пулга ем маҳсулотлари сотишни қайта йўлга қўйиш;

5. Четдан арзон ем маҳсулотлари олиб келинишини йўлга қўйган тадбиркорларни (божхона тўловлари ҳисобидан) ва наслчилик хўжаликлари (яйловларни кўпайтириш, имтиёзли кредитлар бериш орқали) рағбатлантирилиб, озуқа ем миқдорини ва чорва моллари бош сонини кўпайтириш.

Мен бу фикрларимни аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда ёздим ва бу таклифларни Иқтисодиёт вазирлигида ўтирган тажрибали мутахассислар қўшимча ва ўзгаришлар билан кўриб чиқсалар ва бошқа ваколатли органлар томонидан керакли чоралар кўрилса, кирим қилинмасдан ноқонуний сотиб юборилаётган минг-минг тонналаб ун, ёғ, шрот, шелуха, омихта ем, хўжалик совуни каби биринчи даражали истеъмол товарлари ҳисобидан бюджет тўловларининг ҳар йили бир-неча юз миллиардлаб сўмга кўпайишига, асоссиз равишда ошиб кетаётган ем маҳсулотлари нархлари пасайиши ҳисобидан бозорларда гўшт маҳсулотларининг арзонлашишига ва шахсий хўжаликларида чорва молларини боқиш имконияти бор миллионлаб халқимизнинг иш қидириб чет элларга кетишга мажбур бўлиши олди олинишига эришилган бўларди.

Музаффар Жўраев,

Қашқадарё вилояти, Косон тумани

Мавзуга оид