Спорт | 12:10 / 15.02.2018
31056
7 дақиқада ўқилади

Зидан кичик мураббий эмас. «Реал» ва Роналду мавсумни қутқарди

Чемпионлар лигасининг энг юлдузли жуфтлиги биринчи ўйинни ўтказди. Ўйин атрофида жадал муҳокамалар бошланиб кетди. Унаи Эмеридан мағлубият Зиданни истеъфога йўллаши мумкин эди, аммо «Қироллик клуби»нинг иродали ғалабаси вазиятни кескин ўзгартирди.

Чемпионлар лигаси, 1/8 финал. Биринчи ўйин
РЕАЛ - ПСЖ - 3:1 (1:1)
Голлар: Рабьо, 33 (0:1). Роналду, 45 - пенальти (1:1). Роналду, 83 (2:1). Марселу, 86 (3:1).
Реал: Навас, Начо, Варан, Серхио Рамос, Марселу, Модрич, Кроос, Каземиру (Васкес, 79), Иско (Асенсио, 79), Бензема (Бэйл, 68), Криштиану Роналду.
ПСЖ: Ареола, Дани Алвес, Кимпембе, Маркиньюс, Берчиче, Верратти, Ло Сельсо (Дракслер, 84), Рабьо, Мбаппе, Кавани (Менье, 66), Неймар.
Огоҳлантиришлар: Неймар, 15. Ло Сельсо, 25. Иско, 33. Рабьо, 64. Начо, 78. Менье, 90.
Жавоб ўйини - 7 март.

Ўтган йил декабрида «Реал» Амирликларда навбатдаги совринни қўлга киритганди. Мадридликлар ярим финалда маҳаллий «Ал-Жазира»ни, финалда эса Бразилиянинг «Гремио» клубини мағлуб этди ҳамда сайёранинг энг кучли клуби мақомини сақлаб қолди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «Реал» устози ўзига ишонч билан гапирди. Бу унинг тўлиқ бўлмаган икки йилидаги саккизинчи соврин бўлганди: Испания чемпионлиги ва Испания Суперкубоги, Чемпионлар лигасидаги икки ғолиблик, икки УЕФА Суперкубоги ва икки марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблиги. Рекорд график.

«Реал»нинг ўша ўйиндаги ғалаба голига Криштиану Роналду муаллиф бўлганди. У ўйиндан кейин мақтана бошлади, ҳатто «Барселона» манзилига аталган сўзларини билдирди. «Реал» ўшанда икки кун ўтиб «Барселона»га қарши ўйнаши керак эди: «Барселона» биз учун «чемпионлик йўлаги» қилса яхши бўларди. Мен шуни истайман. Умид қиламанки, биз чемпионлик учун курашни ўз фойдамизга ҳал қиламиз. Биз энди ўз кучимизга янада кўпроқ ишонмоқдамиз».

... Каталонлар клуби коридор ташкил этишмади. Бунинг ўрнига «Сантяго Бернабеу»да 3:0 ҳисобида ғалаба қилиб кетишди ва «Реал» билан орадаги фарқни 14тага етказишди. Кейинроқ «Реал» «Сельта» ва «Вильярреал»га ютқазди, «Леганес» мадридликларни Испания Кубогидан чиқариб юборди. Амирликлардаги ғалабадан кейинги пафос ғойиб бўлди, ҳамма Зиданнинг истеъфоси ҳақида гапира бошлади. «ПСЖ»га қарши ўйин унинг тақдирини ҳал қилиши билан ҳам аҳамиятли эди.

«ПСЖ» қуръа ташлаш маросимидан кейиноқ «Реал»га қарши ўйинга тайёрлана бошлади. Ички чемпионатда Эмери қурган жамоага тенг рақиб йўқ эди. 2018 йил давомида «ПСЖ» Мадридга сафар қилгунича Францияда 11 учрашув ўтказди ва фақат «Лион»га ютқазди. Бу ўйинларда парижликлар жамоаси 37 гол уриб, 8 гол ўтказди. Клуб босслари учун ички чемпионатдаги зафарлар ортиқ қизиқ эмас, улар Чемпионлар лигасидаги катта зафарларни орзу қилишмоқда эди.

Ўйин кутилганидек бошланди. Икки жамоа ҳам фақат ғалаба учун ўйнаётганини намойиш этди. Футболчилар фақат олға ҳаракат қилишди. Неймар дриблинглар ишлатар, трибуна унга ҳуштакбозлик қиларди.

Ўйин бошида устунлик парижликлар тарафида бўлди. Кавани дарвозабон билан бирма-бир вазиятга чиқди, аммо ўз имкониятидан фойдалана олмади. Ушбу уругвайлик футболчи белидаги муаммо туфайли бу ўйинда майдонда тушиши охирги дақиқаларгача сўроқ остида қолаётганди. Аммо ўзининг туғилган кунида у барибир майдонга чиқди.

Эътиборли статистика: шу вақтга қадар «ПСЖ» 14 февраль куни 10 марта ўйин ўтказган ва 7 ғалабага эришиб, 3 марта дуранг ўйнаган, бирон марта ҳам ютқазмаганди.

Аммо энди бу статистика бузилди. Бу ўйинда ўзини кўрсатиши кутилган Неймар сариқ карточка олиш билан ўйин протоколига кирди.

Ўйин бошида «ПСЖ» устунлик қилаётганди. Неймар қанотдан узатилган тўпга ета олмади, аммо Рабью бу тўпга ета олди ва ҳисобни очди.

Лекин бу ўйинда Мбаппе ҳам, Кавани ҳам ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олмади.

Биринчи бўлим охирига бори «Реал» устунликни ўз қўлига ола бошлади. Одатга кўра, Бензема ҳужумни гол билан якунлай олмади, аммо тўп Кроосга келиб тушди, уни эса Ло Сельсо фол билан тўхтатди.

Ҳакам пенальти белгилади, Криштиану Роналду ўз имкониятидан унумли фойдаланди ва «Реал» сафида Чемпионлар лигасидаги 100-голини урди.

Танаффусдан кейин шоу давом этди. «ПСЖ» гоҳ позицион, гоҳ қарши ҳужумларда ўйнай бошлади. Навас зерикмади. «Реал» ҳам аҳён-аҳёнда олдинга ўтиб турди ва вазиятлар яратди. Футболчилар алмаштирилиши вақти келганида эса томонлар дурангга рози бўлаётгандек кўринди.

Аммо бундай эмасди. Эмери ҳужумчи ўрнига ҳимоячи туширди, Менье Каванини алмаштирди. Зидан эса таянч ярим ҳимоячиси Каземиро ўрнига ҳужумкор ярим ҳимоячи Васкесни, вазиятларни йўққа чиқариш билан машғул Бензема ўрнига Гарет Бэйлни, Иско ўрнига эса ҳужумкорликда ундан кам бўлмаган Асенсиони майдонга ташлади.

83-дақиқада рақиб жарима майдончасида тўп Роналдуга тегиб дарвозага кириб кетди. Ареола Асенсионинг зарбасини қайтарганди, аммо тўп Роналдунинг тиззасига бориб тушди. Омад.

Мадридликлар шундан кейин руҳий устунликка эришди ва ўйин охирида Марсело «ПСЖ»ни кўмиб қўя қолди. Яна Зидан майдонга ташлаган Асенсио ёрдамида.

Албатта, «Реал» Париждаги жавоб ўйинида осонлик билан натижага эришмади. Жамоа ўз уйида дарвозасини қуруқ сақлай олгани йўқ ва жамоа футболчилари сафар ўйинида диққатни йўқотмасликлари талаб этилади. Шу билан бирга эндиликда Париждаги ўйин натижаси Эмери истеъфосига олиб келиши мумкин бўлиб қолди.

Мавзуга оид