Жамият | 01:21 / 18.02.2018
78312
7 дақиқада ўқилади

Воқеага ойдинлик киритиш: Марғилондаги ногиронлар уйида яшовчи аёл жонига қасд қилганмиди?

Ижтимоий тармоқларда тарқаган машъум маълумотдан кўпчиликнинг хабари бўлса керак. 12 февраль куни бир неча ахборот нашрларида Марғилон шаҳридаги 2-ётоқхонада яшовчи Дилором Мамирова ўзини осмоқчи бўлгани ва уни қўшнилари қутқариб қолганлиги ҳақида видеолавҳа тарқалди.

Аёлнинг ўз жонига нима сабабдан қасд қилганининг сабабини аниқлаш, бўлиб ўтган воқеага ойдинлик киритиш мақсадида KUN.UZ мухбирлари Марғилон шаҳрига борди.

Интернет саҳифаларида берилган маълумотлардан сўнг ўша ётоқхона ҳақида салбий тушунча шаклланган эди. Бориб, кўриб, шароит билан танишгач, вазият бошқача эканлигини билдик.

Илгари иқтисодиёт коллежи ётоқхонаси бўлган бино ўтган йилнинг декабрь ойида 86 та ногирон ва ногирон фарзандлари бўлган оилаларга яшаш учун хонадон сифатида бўлиб берилган экан.

Тўрт қаватли бино ногиронларга берилишидан олдин, тўла таъмирланган ва хоналарда яшаш учун барча шароитлар яратилибди. Киришдаги фойе, корридор, зинапоялар рисоладагидек. Ҳар бир оила турадиган икки хонали турар жойида санузел, ошхона тўла жиҳозлангани ҳам бор гап. Бир қарашда тураржойда барча қулайликлар яратилган.

Лекин, масканда истиқомат қилаётган оилаларда ҳали ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.

Ётоқхона эшиги олдида турган аёл мухбир эканлигимизни билгач, нимагадир кўзига ёш олди. Бу ҳақда эса кейинроқ бафуржа гаплашамиз…

Биз борган пайт ўз жонига қасд қилганлиги ҳақида хабарлар тарқаган Дилором Мамирова яшаш жойида йўқ экан. Бир неча соат кутганимизда ҳам ундан дарак бўлмади.

Бино мутасаддиси Дониёр Тошпўлатовни топгач, у билан биргаликда яшовчилар шароити билан танишдик. Ногирон қиз Мухлиса Тўланова онаси билан истиқомат қилаётган 8- хонадонга кириб, уларни суҳбатини олдик.

“Биз Тошлоқ туманидаги Қақир қишлоғиданмиз. 26 ёшимда эрим оламдан ўтиб, бева қолганман. Сўнг қизим фалокатга учраб, тўшакка михланди. Онамни уйида, ногирон қизим билан яшардик. Жуда кўп йиллар ўз уйимиз бўлишини орзу қилиб, ҳокимиятга мурожаат қилганимиздан сўнг мана шу жойдан икки хонани беришди. Телевизор, газ плитаси, сиз кўриб турган уй жиҳозларининг барчаси ҳокимият томонидан совға қилинган”,-дейди Мўътабархон опа.

“Юқори қаватдаги қўшнингизни ўз жонига қасд қилганидан хабарингиз борми?” деган саволга она-бола, ташқарига кам чиқиши ва ҳали қўни-қўшнилар билан тўлиқ танишмаганлигини билдиришди.

Бу орада ётоқхонага Марғилон шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари Иқболжон Ғофуров ва ҳокимлик ҳузуридаги уй-жойларни рўйхатга олиш ва тақсимлаш бўлими бошлиғи Мухторжон Якубовлар ҳам келишди.

Интернетда тарқалган маълумотларда, ҳокимлик вакиллари ётоқхонада яшовчилардан уч ойлик ижара пулини тўлаб қўйишлари талаб қилинганлиги ҳақида ёзилган эди.

Дарҳақиқат, расмий қоида ва ҳужжатларга асосан давлат ихтиёридаги ётоқхонада истиқомат қилувчилар яшаш хонаси квадрат метридан келиб чиққан ҳолда, ойига маълум бир суммада ижара ҳақи тўлаб туришлари лозим. Бу маблағлар бинони сақланиши, ва бошқа хизматлар учун ишлатилади. 

Ногирон қиз Мухлисанинг онаси бизга: “Ҳақиқатда, бизни ҳам ижара учун пул тўлаш кераклиги ҳақида огоҳлантиришди. Лекин, ўйлаб кўринглар, жойидан қимирламайдиган қизим учун бир ойда 336 минг сўм нафақа оламан. Бир жойга кириб ишлай десам, қизимни қаровсиз қолдиришнинг иложиси йўқ. Емоқ-ичмоқ, кийим-бош умуман тирикчилик учун ойига 336 минг сўм зўрға етади. Ўша кундан бери хижолатда яшаяпман. Нима қилай?”, дея зорланиб гапирди.

Мўътабархон опа давлатимиз томонидан ногиронларга уй-жой берилиши, уларни ташвишларини енгиллаштиришга қилинган самарали ҳаракатларга ташаккур билдира, кўзида ёш билан дуо қилиб, сўнг ушбу муаммо ҳақида сўзлади.

Ётоқхонада истиқомат қилувчиларнинг барчаси ҳам шу фикрда деб бўлмайди. Масалан, 31-хонадонда яшовчи, икки нафар ногирон фарзанд тарбиялаётган Нигора Абдуллаевнинг турмуш ўртоғининг иш жойи ва маблағи тайин. У бизга: “Янги уйга фақат фақат идиш-товоқ ва кўрпа-тўшагимиз билан келдик. Сиз кўриб турган барча уй жиҳозлари, гилам, диван, ўғилларимга велосипед ҳаммасини совға қилишган. Ойига 400-500 минг тўлаб ижарада турар эдик. Давлатимизга минг бора раҳмат. Бизни муқим яшаш жойи билан таъминлади. Болаларимга ўқитувчилар келиб, уй мактабида дарс бериб кетишяпти” дейди.

Бу оиланинг боқувчиси бор. Ижара пулидан хавотирга тушмаса ҳам бўлади. Лекин, 56 хонадоннинг ҳаммасида ҳам шароит бир хил эмас.

Хонадон соҳибларига, ўз жонига қасд қилган ётоқхонадоши ҳақида гапирсангиз, барчаси инкор қилди. Тарқатилган хабарларда ўша ерда бўлганлиги айтилган қўшни йигит Саидакбар Қобилов умуман жараёнда қатнашмаганини билдирди.

Ҳокимият томонидан берилган уй-жиҳозлари ва пардалар ўз жойида турганига гувоҳ бўлдик. Табиий газдан эса муаммо йўқ экан. 

Марғилон ҳокимининг биринчи ўринбосари ижара пули тўлашга имконияти йўқ кишилардан ҳеч ким мажбурий тарзда маблағ ундирмаслиги ва бу муаммо ҳокимият томонидан ҳал қилинишини айтди.

Кўнгли ярим кишилар билан суҳбатлашишни ўзи қийин. Фикримизча, Дилором Мамирова билан ижара пули ҳақида суҳбатлашган мутасадди аёл мана шу жиҳатларга эътибор бермаган кўринади.

Айтишларича, Дилором Мамирова уйида газ плитаси йўқлигидан ҳам нолиган экан, қўшнилардан бири ўзиникини берган.

Бундай кишилар билан руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, жуда эҳтиёткорлик билан гаплашиш кераклигини биз ҳам ҳис қилдик. Улар билан суҳбат давомида, озгина таъсирли гапимиз ҳам уларнинг кўзида ёш қалқишига сабаб бўлаверди..

Гапнинг индаллоси, ётоқхонада шароит, ўзига қасд қилишга даражасида ёмон эмас. Балки, намунали экан.

Яшовчиларнинг руҳий ҳолати билан иш олиб бориш эса, мутасаддиларга масъулият юклайди. 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов

Мавзуга оид