Ўзбекистон | 11:10 / 19.02.2018
134202
5 дақиқада ўқилади

Генерал-полковник Зокиржон Алматов Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди 

1991-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири бўлган генерал-полковник Зокиржон Алматов Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси сайтида мақола эълон қилинган.

«Очиғи, мен шундай улуғ инсон, Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида ёнма-ён туриб, ҳамфикр бўлиб ишлаганимдан, аввало, Аллоҳга шукрлар қиламан.

Умуман, Ислом Абдуғаниевич ҳақида жуда ҳам кўп ёзилган ва умид қиламанки, ҳали жуда ҳам кўп ёзилади. Унинг ҳар бир куни эрта билан телефон орқали мендан ахборот олиш билан бошланар эди. Ҳар кунги ахборотга, мамлакатдаги тинчлик-осойишталикка, шу билан бирга, содир этилган жиноятларга ҳам катта аҳамият берар эдилар.

У кишининг ҳар бир сўзи кечагидек эсимда: “Зокиржон, билиб қўй, мамлакатда тинчлик-осойишталикни ўрнатмасдан туриб, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. Менинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг асосий вазифаси ана шу мамлакатда тинчлик-осойишталикни ўрнатиш”.

Эсимда, 1991 йиллар Мустақиллигимизнинг илк йиллари тинчлик, осойишталик, ёш ва ҳали мурғак давлатимиз жуда катта хавф-хатарлар остида эди.

генерал-полковник Зокиржон Алматов. Фото: islomkarimov.uz

Муқаддас ислом динимизни ниқоб қилиб, мамлакатимизга ҳар хил миссионерларнинг кириб келишни бошлади. Уларнинг асосий мақсадлари вазиятни издан чиқариш, ёшларимизни тўғри йўлдан оздириш, уларни ҳар хил диний оқимларга аъзо қилиш, Ислом байроғини ниқоб қилиб халқни қўзғолонга даъват қилиш эди. 1991 йилда Наманган, Фарғона, кейинчалик Андижондаги воқеаларни эслайлик.

Мамлакатда ҳар хил партиялар ва ҳаракатларнинг пайдо бўлди (“Эрк” партияси, “Бирлик халқ ҳаракати” ва бошқалар). Баъзи бир буюк давлатларнинг таъсирида бўлган ана шундай партия ва ҳаракатларнинг, давлатимизни ичидан емириш, рухсат этилмаган митинг ва намойишлар ўтказишга уринишлар бўлди. 1992 йил январида Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар шулар жумласидандир.

Уюшган жиноятчиликнинг тинчлик-осойишталикка, оператив вазиятга таъсири катта эди. Ҳар кунги оператив маълумотлар 50-60 босқинчилик, талончилик, қотиллик, ҳар куни 50 тагача автомашинани ўғирлаш. Рэкет ва бошқа оғир жиноятлар, айниқса, 1991 йилнинг охирларида мамлакатда қайд этилар эди. 1991 йилнинг охирларида мамлакатда буғдой-ун маҳсулотларининг тақчиллигини юзага келиши давлат захирасида бор йўғи бир ҳафтага етадиган буғдой, ун маҳсулотлари қолган эди. Юзага келган ана шундай вазиятлар манаман деган ҳар бир раҳбарни довдиратиб қўйиши, тинчлик-осойишталикни издан чиқариши мумкин эди. Ана шундай мураккаб вазиятларда Ислом Абдуғаниевич ўзининг жамоаси билан метиндек ирода, мардлик, жасурлик кўрсатиб, мамлакатни оғир вазиятлардан олиб чиқдилар.

Булардан ташқари, Ўзбекистонда ёвуз ниятлари амалга ошмаган манқурт кимсалар эътиборини қўшни Тожикистон Республикасига қаратдилар. 1992 йилда Тожикистонда қалтис вазият юзага келди. У ерда фуқаролар уруши бошланди. Минглаб оилалар уй-жойларини ташлаб қўшни давлатларга кўчиб кета бошладилар. Ўн минглаб Тожикистон фуқаролари Ўзбекистонда қўним топдилар. Ўша оғир дамларда, шахсан Ислом Абдуғаниевич кўрсатмасига асосан уларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

Тожикистондаги ушбу урушда бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди. Мамлакат иқтисодиётига жуда катта зарар етказилди. Қўшни республикадаги аҳвол Ислом Абдуғаниевични бефарқ қолдирмади. Унинг шахсан топшириғига асосан Тожикистонга беғараз ёрдам кўрсатила бошланди.

Ҳаммамизга маълумки, Ислом Абдуғаниевич Каримов бир неча бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон ҳамжамияти мамлакатларига мурожаат этиб, уларни Тожикистондаги вазиятни барқарор этишга чақирдилар ва бунинг уддасидан чиқдилар. Охир-оқибатда, Тожикистоннинг бирлиги сақлаб қолинди. Ислом Абдуғаниевич ана шундай раҳбар, буюк инсон эди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Президент обрўси - бу мамлакатимиз, халқимиз обрўси. Шунинг учун биз Ислом Абдуғаниевичнинг шогирди, Президентимиз Шавкат Миромоновичга елкадош бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, мўлжалланган марралар сари илдам боришимиз лозим. Халқимизнинг “Бирлашган ўзар - бирлашмаган тўзар” деган мақолига амал қилишимиз керак. Оллоҳ бизга мададкор бўлсин».

Мавзуга оид