Ўзбекистон | 12:00 / 20.02.2018
24514
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ИИВ Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ҳалок бўлган автобус техник носоз бўлганини маълум қилди

Фото: Казинформ

Ёнғин туфайли Ўзбекистоннинг 52 фуқароси фожиали ўлимига сабаб бўлган автобус техник носоз бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазири Калмуханбет Қосимовнинг мамлакат парламенти депутатлари сўровига жавобида айтилади.

Таъкидланишича, вазирлик тергов департаменти Ақтўбе областида 52 кишининг ҳалок бўлиши ҳолати юзасидан Қозоғистон ЖКнинг 345-моддаси 4-қисми ва 348-моддаси 4-қисми бўйича жиноий ишлар қўзғатган.

«Тергов билан аниқланишича, Чимкент-Самара автотрассасининг 1068-километрида автобус техник носозлик туфайли ҳаракатланишдан тўхтаган. Автобус ҳайдовчилари бу ҳақда тезкор хизматларга хабар бермай, йўловчилар хавфсизлиги бўйича чоралар кўрмай, Қозоғистон Инвестициялар ва ривожланиш бўйича вазирлиги томонидан тасдиқланган «Автомобиль транспортида йўловчилар ва юкларни олиб ўтиш қоидалари»ни бузган ҳолда ёқилган кавшар лампа ёрдамида транспорт воситаси салонини иситишни бошлашган, у ерда эҳтиётсизлик туфайли очиқ идишдан тўкиб юборилган бензин сабабли ёнғин юз берган. Айни дамда автобус ҳайдовчилари Пернебеков М.Ф., Қирғизбоев Н.А. ҳамда Танатов Б.М. жиноий жавобгарликка тортилмоқда, уларга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди, унинг давомида техник носоз автобуснинг йўналишга чиқарилиши сабаблари, шартлари ва асослари аниқланади. Тергов якуни бўйича чоралар кўриш учун тегишли давлат, ваколатли органларга тақдимнома киритилади», - дейилади жавобда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ақтўбе фожиасининг асл сабабларини маълум қилганди.

Мавзуга оид