Ўзбекистон | 14:47 / 28.02.2018
8837
3 дақиқада ўқилади

"Хавфсиз шаҳар" йўналишида Siemens тажрибаси қандай?

Фото: Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

2018 йилнинг 28 февралида "Алоқа тарихи" музейида "Хавфсиз шаҳар" концепциясини амалга оширишда Siemens халқаро концернининг тажрибасига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинарни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхажаев ҳамда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд кириш сўзи билан очиб берди. 

Тадбирда Германиянинг Siemens концернининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Искандар Бўронов бошчилигидаги мутахассислар "хавфсиз шаҳар" лойиҳаси таркибига кирувчи ечимларни илгари суришди. 

Хусусан, транспорт логистикаси, йўналишда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг комплекс ечимини жорий қилиш, шаҳар инфратузилмаси ва транспорт хўжалигини эвакуация қилиш тизимини яратишда АКТ дан фойдаланиш, шунингдек электр тармоқларида «ақлли тармоқлар» (Смарт-Грид) технологиясидан фойдаланиш каби технологияларни амалга оширишда Siemens олға сураётган концепция тақдим қилинди.

Фото: Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 августдаги "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини ташкил этиш ва ривожлантириш концепцияси тасдиқланган. Мазкур концепцияда Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликларининг видеокузатув, навбатчи-диспетчерлик марказлари, қўриқлаш объектлари, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга чора кўриш ва огоҳлантириш тизимлари, таҳлил қилувчи "ақлли датчик"лар тизимларини ўзаро боғлаш ва қонун бузилиш ҳолатлари ва ҳодисаларни қайд этишнинг автоматлашган тармоғини яратиш, «112» рақамли ягона диспетчер хизматини ишга тушириш кўзда тутилган. Бу эса жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда фавқулодда ҳолатларда аҳоли хавфсизлигининг таъминланишига хизмат қилади. 

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда йўл ҳаракатида қонунбузарлик ҳолатларини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 280 чорраҳада фото ва видео кузатув камераларини ўрнатиш режа қилинган.  

Айтиш жоизки, 2017 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Сименс» концерни ўртасида имзоланган англашув меморандуми асосида "хавфсиз шаҳар" йўналишида ишланма ва технологияларни жорий қилишда «Сименс» тажрибаси яқиндан ўрганилмоқда.

Фото: Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Жаҳон IT-саноатининг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бўлган Siemens концернининг Ўзбекистондаги фаоллиги йирик технологик брендларнинг мамлакатимизда халқаро компанияларга яратилган қулай имкониятлардан фойдаланган ҳолда инновацион ғояларни амалга ошириш бўйича қизиқишларини намоён қилмоқда.

Тадбирда саноат, энергетика, соғлиқни сақлаш соҳаларида, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва шаҳарлар хавфсизлигини таъминлаш орқали аҳолига қулайлик яратиш, рақобатбардошлик ва барқарор тараққиётни амалга оширишда замонавий тенденциялар хусусида маълумот берилди.

Мавзуга оид