Фан-техника | 22:40 / 28.02.2018
7559
2 дақиқада ўқилади

Porsche ўз тарихидаги энг енгил спорткарларни танлаб олди (видео)

Фото: motor.ru

Porsche компанияси ўз тарихидаги энг енгил 5 та спорткарни танлаб олди. Видеоролик учун машиналар Австриянинг баланд тоғлар орасида жойлашган Гросглокнер довонида суратга олинди.  

Жамланманинг 5-ўрнидан Sport модификациясидаги 2.7 Carrera RS купеси жой олди. 1973 йилда ишлаб чиқарилган ва 210 от кучига эга двигатель билан жиҳозланган автомобил 975 килограмм юк босади. Купедан оғирлигини камайтириш учун орқа ўриндиқлар, соатлар, эшик тутқичлари ва ҳаттоки кулдон олиб ташланган, олд ўриндиқлар эса Recaro спорт ўриндиқларига алмаштирилган.

4-ўринни 1966 йилда ишлаб чиқарилган намунадаги Porsche 906 Carrera 6 эгаллади. Бу модел конструкциясида шишатоладан фойдаланилган. Машинанинг оғирли 675 кгни ташкил қилади. У ZDF немис канали томондан Хоккенхаймрингдаги пойгаларни суратга олишда қўлланган.

3-ўринни марканинг “Ле-Ман” пойгасидаги илк ғолиби 356 SL эгаллади. 1951 йилда ишлаб чиқарилган, алюминийдан ишланган ва 75 от кучига эга двигателли купе 640 кг келади. 

2-ўринни 1959 йилда ишлаб чиқарилган Porsche 718 Formel 2 эгаллаган. 150 от кучига эга пойга автомобилининг оғирлиги 456 кг келади.

Марканинг энг енгил автомобили эса алюминий рама ва пластикдан ишланган кузов панелларида қурилган 909 Bergspyder пойга машинаси бўлди. Автомобил 275 от кучига эга 8 цилиндрли мотор ва бериллийдан ишланган тормоз дисклари билан жиҳозланган. Тепаликларга кўтарилиш бўйича пойгалар учун яратилган машинанинг оғирлиги бор-йўғи 384 кг келади.

Мавзуга оид