Жамият | 18:00 / 08.03.2018
21155
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz ўқувчилари кўмаги билан Ҳиндистонга йўл олган беморнинг операцияси муваффақиятли ўтди

Шу йилнинг 25 январь куни Kun.uz сайтида «Жигар саратонига чалинган 4 фарзанднинг отаси кўмакка муҳтож» сарлавҳали мақола берилган, унда Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани, Муллабой маҳалласидаги «Нурли диёр» кўчаси 22-уйда яшовчи Ахуновлар оиласи ҳаётнинг чигал чиғириғига дуч келгани ҳақида ёзилган эди.

Мақолада 4 фарзанднинг отаси Бегалига жигар саратони ташхиси қўйилгани, энди беморни қиммат турувчи - орган кўчириб ўтказиш операцияси қутқариши мумкин эканлиги, унинг аёли Дилдорахон турмуш ўртоғининг дардига тенгма-тенг шерик бўлиш учун ўз жигарининг 70 фоизини донор сифатида бераётгани баён қилинганди.

Тақдир синовига учраган оилага кўмакка муҳтожлиги ҳақидаги ушбу мақола Kun.uz сайтини кузатиб борадиган ўқувчиларни бефарқ қолдирмади ва орган кўчириб ўтказиш операцияси учун керакли бўлган 12 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ бир ҳафта мобайнида бағрикенг, эҳсонли кишилар томонидан йиғиб берилди.

Нашримиз мухбирлари Ҳиндистонга эзгу ният билан отланган оилани кузатиб қўйганди.

Куни-кеча ўз турмуш ўртоғига донорлик қилган Дилдорахон Ахунова алоқага чиқиб, 9 соат давом этган, оғир жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилгани ҳақида хабар берди.

«Бизга яқиндан ёрдам берган ва дуода бўлган инсонларнинг кўмаги билан турмуш ўртоғимнинг операцияси муваффақиятли ўтди. Шифокорлар менга аллақачон жавоб беришган. Ҳозир меҳмонхонадаман. Эримнинг жигари ўсишини докторлар назорат қилиб туришибди. Ҳаммаси яхши. Шу ҳафта охирларида эримга ҳам уйга қайтишга жавоб беришар экан. Бизни ҳам молиявий ҳам маънавий қўллаб турган эзгу ниятли кишиларга оиламиз номидан чуқур миннатдорчилигимизни билдираман. Дунёда яхши инсонларнинг кўплигини бошимизга ташвиш тушганида сездик. Барчангиздан Оллоҳ рози бўлсин!»,- дейди Дилдорахон Ахунова.

KUN.UZ сайти хайрия лойиҳасида иштирок этган барча инсонларга ўз ташаккурини билдиради. Зеро, ҳар қандай яхши амалнинг савоби бор.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид