Ўзбекистон | 01:25 / 08.03.2018
23716
7 дақиқада ўқилади

Россия Федерацияси молия вазири Ўзбекистон Президенти билан нималарни муҳокама қилди?

Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуанов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Силуанов учрашув якунлари бўйича хулосаларини Президентнинг Facebook саҳифасида тақдим этилган   интервьюда баён қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

- Ўзбекистон Президенти билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик бўйича асосий эътибор нималарга қаратилди?

- Шавкат Миромонович билан қатор молиявий масалаларни муҳокама қилдик, чунки молия ва бюджет масаласи шубҳасиз фуқароларимиз ҳаётига катта таъсир кўрсатади. Ўтган йили биз Ўзбекистон молия вазирлигидаги ҳамкасбларимиз билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланиши ва молия вазирлиги фаолиятидаги долзарб масалаларни муҳокама қилинишига келишиб олгандик. Зеро ҳозир Россия молия вазирлиги олдида ҳам қатор  вазифалар турибди - янги солиқ тизимини шакллантириш, қашшоқлар сонини камайтириш учун янгича бюджет сиёсатини йўлга қўйиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш сифатини ошириш ва иқтисодиётнинг ўсишига туртки берувчи бошқа қатор ислоҳотларни амалга ошириш. Мамлакатларимиз олдида турган асосий вазифалар - қўшимча бандлик, қўшимча иш ҳақига асосланган иқтисодий ўсишни таъминлаш, фуқаролар турмуш тарзини яхшилаш.

Ўзбекистон Президенти билан учрашувимиз вақтида айнан шу масалалар кўтарилди. Биз асосий иқтисодий тизим  фаолияти ҳақида суҳбатлашдик, бу нафақат молия вазирлиги, балки солиқ ва божхона хизматлари ҳамдир.  Биз асосий параметрлар - солиқ, божхона ва қонунчилик органлари бўйича координация ва тажриба алмашиш зарурати ҳақида гаплашдик.

Шунингдек биз бюджет тизими фаолиятига ҳам кўп вақт ажратдик. Зеро ҳозир Ўзбекистонда қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда. Шу боис Россиянинг бу борадаги мавжуд тажрибаси ҳамкасбларимиз учун фойдали бўлади, деб ўйлайман. Биз эришган муваффақиятларимиз билан ҳам, йўл қўйган хатоларимиз билан ҳам бўлишишга тайёрмиз. Бундай ўзаро ҳамкорлик мамлакатларимиз учун фойдали бўлади, деб ҳисоблайман.

- Сиз катта тажрибага эга профессионал молиячисиз. Ўзбекистоннинг айни дамдаги босқичда, янги имкониятлар даврида қандай ривожланаётгани борасида нима дея оласиз?

- Энг аввало айтишим керакки, мен Ўзбекистонга биринчи марта келишим, лекин охирги йилларда кўп ўзгаришлар кузатилаётгани ҳақида эшитганман. Шундай экан, лойиҳалар ривожи иқтисодий прогнозлар, ўсиш кўрсатикичлари, иқтисодиёт ривожининг асосий кўрсаткичларига боғлиқ. Бу эса бизнинг халқларимиз янада яхши яшаши учун замин бўлиб хизмат қилади. Шу боис мавжуд мутахассисларнинг маълумотларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сўнгги йилларда молиявий соҳада вазият яхшиланган.

Ишончим комилки, келгусида Ўзбекистонда қабул қилинадиган тузилмавий чоралар мамлакат иқтисодий ўсиш суръатларини оширади. Биз ҳам шу каби вазифалар устида иш олиб бормоқдамиз, шу боис ўзаро хабарлашиб ҳаракат қилишга келишиб олдик. Бюджет соҳасидаги тажрибамиз ҳам ҳамкасбларимиз учун қизиқ бўлади ва тўғри қарорлар қабул қилишда керак бўлади, деб ўйлайман.

Фото: Президент матбуот хизмати

- Учрашувдан умумий таассуротларингиз қандай? Ахир бу сизнинг Ўзбекистонга илк ташрифингиз...

Биз биринчи марта учрашишимиз. Таассуротлар жуда ижобий. Президент энг аввало биз ҳамкорликда  ишлашимиз кераклигини таъкидлади. Россия ва Ўзбекистон иқтисодиёт йўналишида янада яқиндан ҳамкорлик қилиши кераклиги таъкидланди. Бу мамлакатларимиз ривожланиши учун қўшимча рағбат ҳамдир. Россиядан инвестиция жалб қилиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилиш зарурати - бу мамлакатларимиз ўртасида танланган тўғри йўналиш деб ўйлайман. Биз бундан кейин ҳам учрашишга келишиб олдик.

Фото: Президент матбуот хизмати

- Нима учун молиячи касбини танлагансиз?

- Касб танловини амалга ошираётганда шубҳасиз оилавий муҳитнинг таъсири бўлади. Ҳар қайси касб - бу санъат. Инсон ўз ишига ижодий ёндашса, шубҳасиз муайян муваффақиятларга эришади. Бу соҳа менга қизиқ туюлгани учун ҳам айнан шу йўналишни танлаганман. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мен тўғри йўл танлаганман. Мен отамнинг изидан бориб Молия институтини тамомлаб, Молия вазирлигига ишга жойлашдим.

Молиячи - энг қизиқ касблардан бири, деб ҳисоблайман, чунки инсон турли соҳалардаги касб эгалари билан мулоқотда бўлади. Молиячи бу касбларни ҳам яхши билиши керак, зеро маблағ ажратиш ё тақсимлаш каби вазифалар доим талабдан келиб чиқади. У ёки бу соҳадаги  талабларни аниқлаш эса бюджет ажратилаётган у ёки бу соҳани сифатли ўрганишни талаб қилади. Бизда молия вазирлигида молиячилардан ташқари ҳар бир соҳа бўйича мутахассислар фаолият юритади - қишлоқ хўжалиги, савдо-саноат, мудофаа сектори ва ҳ.к. Шундай экан, бу жуда қизиқ касб деб ўйлайман - бирор ишнинг уддасидан чиққанингизда мамнуният ҳис қиласиз.

Биз қабул қиладиган қарорлар кимларгадир ёқмаслиги мумкин, бироқ улар албатта ўз мевасини беради. 2015-2016 йилларда мамлакатимиз ҳаётида мураккаб вазият юзага келганда шундай бўлди ҳам. Ўшанда молия ва бюджет бўйича тўғри ва тезкор қарорлар қабул қилганмиз. Сўнгги йилларда бунинг мевасини кўряпмиз - РФ ЯИМ 1,5 фоизга ўсди, бу йил ҳам иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари амалдагидан-да юқори бўлишига ишончим комил. Бу аҳоли даромадини ошириш, пенсиялар ва маошларни ошириш имконини беради. Таъкидлаш мумкинки, мамлакат ривожида молиячининг роли муҳимдир.

- Ишингиз яхши ривожланиши учун асосийси нима?

- Асосийси - синалган усулларни қўллаш. Бу ерда таваккал қилиш ёки омадга ишониб бўлмайди. Молия соҳасида қарорларни қатъий қабул қилиш керак, зеро баъзи қадамларни бир неча йил олдинни мўлжаллаб ҳисоблаб чиқиш керак бўлади. Уларнинг иқтисодиётнинг умумий ҳолати, одамлар, бюджетга қандай таъсир қилиши инобатга олиниши керак. Ҳамкасбларимга бюджет мутаносиблигини сақлашда омадлар тилайман.

Бундан ташқари, РФ молия вазири Антон Силуанов бўш вақтларида спорт билан шуғулланишга ҳаракат қилишини таъкидлади. Келгусида имкон топиб келиб, Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини кўриш истагини билдирди.

Мавзуга оид