Жаҳон | 00:15 / 10.03.2018
12213
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда пассив эвтаназия қонунлаштирилди

Фото: Fotolia / sudok1

Ҳиндистон олий суди 9 мартда эндиликда бедаво оғир касаллар пассив эвтаназияга ҳуқуқлари борлиги ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берди. 

“Исталган одам бирор-бир тиббий даволанишдан ўтмаслиги ва ундаги ҳаёт уни таъминловчи тизимлар ёрдамида қўллаб-қувватланмаслиги ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Одамлар муносиб тарзда ҳаётдан кўз юмишга ҳақлилар”, дейилган суд баёнотида.

Телеканал маълумотларига кўра, пассив эвтаназия, яъни қўллаб-қувватловчи терапиянинг атайлаб тўхтатилиши агар бемор аввалдан бунга рухсат берувчи ҳужжат қолдирган бўлса қўлланади. Бу ҳужжат одам жиддий касаллик ёки бахтсиз ҳодиса туфайли кома ҳолатига тушиб қолса, ҳаётни таъминловчи воситалардан узилиб қўйилишига розилиги ёки норозилиги кўрсатилган васият ҳисобланади.

Бундан ташқари, олий суд бедаво беморнинг оиласи аъзолари ёки дўстлари судга касалнинг эвтаназия қилиниши илтимоси билан мурожаат қилишларига рухсат берди. Бундай ҳолда судда тиббий кенгаш жамланиб, у беморга пассив эвтаназия керак-керакмаслигини ҳал қилади.

Мавзуга оид