Ўзбекистон | 18:50 / 13.03.2018
9978
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва толиблар ўртасида тинч музокаралар учун янги имкониятлар яратмоқчи» 

Фото: UzReport

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий ўзаро алоқалар» мавзусида Тошкентда олий даражада халқаро конференция бўлиб ўтиши ҳақида хабарлар жамоатчиликка эълон қилинганидан сўнг, бу фикр чет элдаги кўпчилик оммавий ахборот воситалари томонидан билдирилмоқда, деб хабар берди «Жаҳон» АА.

«Ўзбекистон дунёнинг энг яхши дипломатларини шу ой охирида конференцияга таклиф қилди, - деб хабар беради Reuters ахборот агентлиги. - Ўзбекистон ҳукумати бу анжуман Афғонистон раҳбарияти ва кучларининг миллий келишувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда». 

Форумнинг кутилаётган иштирокчилари орасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, унинг Афғонистон бўйича махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, АҚШ ва бошқа кўплаб давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари бор, деб ўз ўқувчиларини хабардор қилган Британиянинг Daily Mail газетаси.

«Толибон вакиллари Афғонистон президенти Ашраф Ғани асосий маъруза билан чиқиш қилиши керак бўлган учрашувда иштирок этадими?» - дея савол билан мурожаат қилган Euronews телеканали.

Ўз навбатида, Американинг нуфузли The New York Times газетасининг таъкидлашича, кутилаётган учрашув Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган яна бир йирик тадбирдир. «2016 йилда давлат раҳбари лавозимини эгаллаб, у ташқи дунёга 32 миллион аҳолига эга бўлган, ресурсларга бой мамлакатни очишга ваъда қилди», - дея эслатади нуфузли нашр.

Американинг яна бир газетаси - US News’нинг таъкидлашича, Тошкент конференциясини ташкиллаштириш орқали Ўзбекистон бир маротабалик тадбир билан чекланмоқчи эмас, балки Афғонистонда тинч сиёсий жараённи қўллаб-қувватлашга қаратилган икки томонлама ва кўп томонлама саъй-ҳаракатларни давом эттиради.

Швейцариянинг Swissinfo телерадиокомпанияси халқаро ахборот хизмати хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп конференцияни қўллаб-қувватлаб, унинг «маъмурияти АҚШнинг тегишли делегацияси таркибини кўриб чиқмоқда», деб айтди.

Cингапурнинг энг йирик газетаси Today кузатувчилари Афғонистон бўйича Тошкент декларациясига эътибор қаратишган. Ушбу ҳужжат форумнинг охирида қабул қилиниши кутилмоқда. «Ҳужжатда қуролли мухолифатнинг Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига кафолатли интеграциялашуви ва терроризмнинг барча шакллари ҳамда кўринишларини қораловчи чақирув акс эттирилади», - деб ёзади газета.

Мавзуга оид