Жаҳон | 21:20 / 15.03.2018
40150
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев: «Мева-сабзавотлар Ўзбекистонда мўл ҳосил бериб ётибди, биз эса қулупнайни ҳали-ҳануз Исроилдан олиб келамиз»

Фото: CA-News / Нурсултон Назарбоев

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашди. 

"Биз тўлиқ таркибда деярли 10 йилдан бери учрашмаган эдик, минтақавий ва халқаро кун тартиби масалалари: иқтисодиёт, чегаралар, транспортни муҳокама қилдик. Марказий Осиё доирасидаги асосий масалалар ҳақида суҳбатлашдик. Ҳеч қандай котибият ё идора тузмаганмиз, тузмаймиз ҳам", - деди Қозоғистон президенти.

Унинг сўзларига кўра, бугун Марказий Осиё давлатлари фаол ҳамкорлик қилмоқда ва ривожланмоқда. 

"Ўтган қисқа вақт ичида йиллар давомида ҳал қилинмаган масалалар ҳал қилинди. Масалан, Ўзбекистон давлат раҳбари барча мамлакатларга боришга улгурди. Ўзбекистон ва Тожикистон, Қирғизистон билан чегарага боғлиқ муаммолар ўн йиллар мобайнида ҳал қилинмаган эди", - деди Назарбоев. 

У Қозоғистон Ўзбекистон билан чегара демакрацияси жараёнини тўлиқ тугаллаганини таъкидлади. "Барча ҳужжатлар имзоланди. Ҳеч қандай муаммо қолмади. Бу жуда муҳим давр", - деди ҚР президенти.

БМТ маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ЯИМнинг ўртача ўсиши катта суръатларда ривожланди, мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси икки бараварга ошди. 

"Мева ва сабзавотлар Ўзбекистон ва Тожикистонда мўл ҳосил бериб ётибди, биз эса ҳали-ҳануз қулупнайни Исроилдан олиб келамиз. Бу оддий масала эмас. Биз бу савдо тизимини йўлга қўйган амалдорларни қўлга олишимиз керак, уларга ён қўшнилардан олгандан кўра, ўша ерлардан олиб келган фойдалироқ", деди Назарбоев.

Мавзуга оид