Ўзбекистон | 21:35 / 23.03.2018
37953
2 дақиқада ўқилади

Президент: «Ғалла ривожи яхши эмаслиги мени ташвишга солмоқда»

Фото: Президент матбуот хизмати

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлиги юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлат раҳбари кун тартибидаги «Ғалла парваришида фавқулодда ҳолат» даврида кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни амалга оширишни таъминлашда вилоят ва туманлар раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масаласи юзасидан маъруза қилиб, муҳим топшириқлар берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Шавкат Мирзиёев олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудларда ғалла ҳосили етиштиришда жуда катта камчиликлар аниқланганига тўхталиб ўтди. Агротехника тадбирларни намунали ўтказган фермер хўжаликларида деҳқончиликка катта эътибор қаратилгани самарасида буғдой найчалагани, лекин бошқа ҳудудлардаги 100 минг гектар майдонда буғдой ривожи ортда қолиб, энди туплаш ҳолатига келгани ва бу камчиликларни секторлар тизимида фаол иш олиб бориб, юзага келган салбий ҳолатни бартараф этиш лозимлигини тўғрисида кескин фикрларини билдирди.

Президент мазкур камчиликлардан келиб чиқиб, «Ғалла парваришида фавқулодда ҳолат» эълон қилди.

Бир қатор туманлар, жумладан, Тўрткўл, Қизириқ ва Пискент туманларда ғалла ривожи ортда қолаётганига айтиб ўтилди.   

Тошкент ва Жиззах вилоятларида буғдойни суғориш ишларига эътибор қаратилмаётгани танқид остига олинди.

«Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминоти муҳим масала. Ғалла мўл бўлса, элимиз дастурхони тўкин бўлади. Айни пайтда четдан бир ярим миллион тонна ғалла олиб кирилмоқда. Ғалла парваришига катта эътибор берилмаётгани мени қониқтирмаяпти», — деди президент.

Мавзуга оид