Жамият | 12:43 / 26.03.2018
20246
3 дақиқада ўқилади

Жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилган илк бемор уйига қайтди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Мамлакат тиббиёти тарихида илк бор жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилган бемор паркентлик 26 ёшли Убайдулла Дадахўжаев бугун шифо топиб уйига қайтди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Мутахассислар таъкидлашича, жигарнинг терминал босқичдаги сурункали диффуз касалликлари, ўткир жигар етишмовчилиги, резекция қилинмайдиган манбали жигар касалликлари каби ҳолатларда фақатгина шу аъзо трансплантацияси бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бундай юқори технологик операциялар Америка, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун Ўзбекистон ҳам ушбу мамлакатлар қаторидан жой олгани қувонарлидир. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

— Трансплантология амалиётини бажаришга тиббиёт муассасамизда катта тайёргарлик кўрилди, — дейди академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг портал гипертензия ва панкреатодуоденал соҳа хирургияси бўлими бош илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Девятов. — Марказимизнинг техник имкониятлари яхшиланди, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда малака ошириб қайтди. Беморга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлик қилди. Ва ниҳоят 15 соат давом этган операцияни муваффақиятли якунлашга эришдик. Ҳозир беморнинг ҳам донорнинг ҳам аҳволи яхши. Бемор тавсияларимизга тўла амал қилса, у тезда бутунлай соғайиб кетади.

Ҳа, давлат томонидан тиббиёт ривожига қаратилаётган жиддий эътибор ва шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан 26 ёшли бир навқирон йигит жигар циррози деб аталмиш оғир хасталикдан буткул халос бўлиб, соғлом ҳаётга қайтди. Бу нафақат беморга, унинг яқинларига ҳам улкан қувонч бахш этди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

— Укамни айни навқирон ёшида дард тобора емириб бораётганидан қаттиқ изтироб чекардик, — дейди Убайдулланинг акаси Ҳаёт Дадахўжаев. — Охирги пайтларда унинг дарди янада оғирлашди. Укамга ёрдам бериш чорасини излардик. Бироқ жигар трансплантацияси учун хорижга чиқишга тўғри келиши, бунинг учун катта маблағ талаб этилиши оиламизни қийин аҳволга солиб қўйганди. Мамлакатимиз тиббиётига бундай янгиликнинг кириб келиши укамни ҳаётга қайтарди, десам хато бўлмайди. Мана, бугун у дарддан фориғ бўлиб, янги ҳаётга қадам қўйди. Ишонаманки, тиббиётимизнинг бу ютуғи яна кўплаб беморларга соғлом ҳаёт бахш этади. Қанча-қанча оилалар бу имкониятдан баҳраманд бўлади. 

Мавзуга оид