Жамият | 10:00 / 27.03.2018
22123
7 дақиқада ўқилади

«Ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркманим...»

Фото: Central Asia Travel

«Дўстлик боғидаги маъсус хушкалом,

Вафо шохидадир Навоий мудом», дея ўз дўсти ва ҳаммаслагига меҳру муҳаббатини билдиради сўз ва ҳикмат пири Абдураҳмон Жомий.

«Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш», деб жумлаи жаҳонни дўстликка чорлайди буюк мутафаккир Алишер Навоий.

«Махтумқули, жон меҳмондир, гавда – лош,

Яхшига дўст кўп, ёмонга йўқ қардош...», деб олам аҳлини огоҳ қилади виждон ва имон жарчиси Махтумқули-Фироғий.

«Дўсти йўқ билан сирлаш, дўсти кўп билан сийлаш...», дейди донишманд Абай.

«Агар бизнинг боболаримиз Туркистон деб аталмиш умумий уйда яшаган бўлсалар, битта тилда сўйлашиб, битта тилда ёзган бўлсалар, хўш, нима учун биз йўқ жойдан муаммо чиқариб, бошимизни оғритишимиз керак экан?!» дейди ХХ асарнинг энг йирик ёзувчиларидан бири Чингиз Айтматов.

Бу битикларни ўқирканмиз, халқларимизнинг энг улуғ намояндалари, даҳо фарзандлари ҳамиша дўстлик-биродарликни улуғлаганини, бу борада авлодларга ўрнак бўлганини ва бизнинг ҳам эт-тирноқ бўлиб, аҳил-тотув яшашимизни орзу қилганларини илғаймиз.

Минг афсуски, тарих ғилдираги ҳамиша ҳам бизнинг раъйимизга қараб айланмади. Ёв мафкурачилари бизни имкон қадар бўлишга, парчалашга, бир-биримизга бегона қилишга интилдилар. Ва... муайян даражада мақсадларига эришдилар ҳам. Бундай ёвуз ниятли кучлар, шубҳасиз, бугун ҳам йўқ эмас. Таассуфки, уларнинг ғаразли ўйинларини ҳар доим ҳам сезавермаймиз, ҳатто баъзан, билиб-билмай найранглари таъсирига тушиб қоламиз.

Бугун – ҳар бир кунимиз турфа ўзгаришлар, ташаббуслар билан безаниб, чинакам НАВРЎЗ – ЯНГИ КУНга айланаётган чоғда, қалбларимизни бирдамлик нафаси қамраб олган паллада дунёга очиқ кўз, тийрак идрок ила нигоҳ ташлашимиз шарт.

Зеро, жўшқин янгиланиш кайфияти бугун нафақат юртимизни, бутун Марказий Осиё мамлакатларини қамраб олган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ва, ғурур билан таъкидлаймизки, бу жараён айнан Ўзбекистоннинг очиқ, дўстона сиёсатидан, ўзаро манфаатли, ҳаётбахш ташаббусларни ўртага ташлаётганидан куч оляпти. Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев таъбири билан айтганда: «Ўзбекистондаги ислоҳотлар Марказий Осиё мамлакатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда».

Чиндан ҳам, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни кучайтириш ташқи сиёсатимиздаги энг муҳим тамойиллардан бири деб белгиланиши ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг бирин-кетин Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонга уюштирган ниҳоятда самарали, тарихий ташрифлари бутун Марказий Осиёдаги вазиятни, образли қилиб айтадиган бўлсак, минтақанинг об-ҳавосини тамомила ўзгартириб юборди.

Узоққа бормасдан, ўтаётган март ойидаги муҳим воқеаларга назар ташлайлик: Юртбошимизнинг Тожикистонга қилган давлат ташрифи, Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг илк маслаҳат учрашуви ва куни кеча Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Наврўз байрамини Самарқандда қарши олгани – қандай буюк тарихий эврилишлар даврида яшаётганимизни кўрсатиб турибди.

Бу ўзгаришлардан Марказий Осиёда яшаётган барча халқлар бирдай мамнун бўлмоқда. Оммавий ахборот воситаларидаги ҳаяжонли чиқишларни кўриб кўнглинг яшнайди. Айниқса, интернет сайтларидаги материаллар остида оддий фуқаролар қолдираётган изоҳ ва муносабатларни ўқиб, дилинг яйрайди: уларда қўшни давлатларда яшаётган қардошларимизнинг Ўзбекистонга, халқимизга, давлатимиз раҳбарига бўлган самимий меҳри, миннатдорлиги, эҳтироми акс этяпти.

Демак, ағёрлар ҳарқанча уринмасин, қондошлик ришталарини уза олмаган экан-да. Не толеки, кўҳна тарихий хотирамиз яна уйғониб, барчамиз битта, яхлит халқ эканимизни идрок этяпмиз. Ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиз ягона эканига астойдил иқрор бўляпмиз. Нимагаки эришсак, ҳамжиҳатликда, бирликда эришишимиз мумкинлигини теран англаб етяпмиз.

Минтақадаги барча мамлакатлар билан қўшни бўлган ягона давлат сифатида Ўзбекистон дўстлик, бирдамлик ҳалқасини тобора мустаҳкамроқ боғлаяпти. Бу эзгу ташаббусга қардошларимизнинг хайрихоҳлиги эса, табиийки, дилимизни, руҳимизни равшан қиляпти.

Бугун – оғизбирлик, якдилликни улуғлаб, шу йўлда курашиб ўтган боболаримизнинг руҳлари шод бўлаётган кун.

Бугун – томирларимиздаги туғишганлик, жигарбандлик қудрати бор бўйи билан ўзини намоён қилишга чоғланган палла.

Бугун – миллатнинг ойдин, зиёли вакиллари яловбардор бўлиб, халқларимизни янада жипслаштиришга бор кучини, истеъдодини сарфлайдиган пайт.

Зеро, руҳлар, қалблар, мақсадлар якдил бўлса, бизни ҳеч қандай куч ажрата олмагай!

Менинг қуйидаги шеъримни шу йўлдаги кичик бир уриниш деб қабул қилинг. Кошки, бу арзимас шеъримни Буюк Дўстлик Қасрининг улуғвор пештоқига кичик кўзмунчоқдай осиб қўя билсайдим!

БEШ ГАНЖ

Дунё – инжа гулли, ранго-ранг гилам,

Бир хилдир дилдаги рамзу нақшимиз.

Бир дарёни кечиб Гўрўғли билан,

Бир қўшиқни куйлар ўзан, бахшимиз,

Махтумқули байти – маёғим маним,

Ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркманим.

 

Мушт бўлиб тугилган ёндош беш бармоқ,

Мардлиги минг достон, афсона бўлган.

Яссавий изидан Ҳақ сари бормоқ

Йўлида табаррук остона бўлган,

Абай ўланлари – тўзимсиз боғим,

Ўзбек, тожик, туркман, қирғиз, қозоғим.

 

Жонимиз туташдир олам жонига,

Заминга тоғлардай отганмиз томир.

Ҳазрати Жомийнинг қутлуғ жомига

Оби ҳаёт қуйгай мўйсафид Помир,

Чашмадай мусаффо, бағри очиғим,

Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожигим.

 

Дўстлар шарафига тўшалган кигиз

Момолар бостирган ширдоқдай маҳкам.

Манасдай забт этди ўзга бир Чингиз

Чингизхон етмаган юракларни ҳам,

Покиза ҳислари – тоза қимизим,

Ўзбек, туркман, тожик, қозоқ, қирғизим.

 

Беш ганждек тизилган бу ноёб ҳалқа,

Буюк Навоийнинг беш достонидек.

Не бахтки, мансубман шу улуғ халққа –

Фитналар захмига қўя олган чек,

Абадий дўстликдан мангу сўз дегум,

Туркман, тожик, қирғиз, қозоқ, ўзбегим!

 

Нодир Жонузоқ

Мавзуга оид