Zo'r TV жаҳон чемпионати трансляциясини қўлга киритиши мумкин
Zo'r TV телеканали Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ўйинларини Ўзбекистонда намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олиш бўйича таклиф билан чиққан. Бу ҳақда Tribuna.Uz манбалари хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирда ЖЧ телевизион ҳуқуқини Марказий Осиё мамлакатларига сотиш бўйича ваколатли вакилликка бир йўла иккита телеканалдан таклиф тушган. Уларнинг бири Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК) бўлса, иккинчиси Zo'r TV телеканали бўлган.
Қайд қилинишича, ЖЧ ўйинлари трансляцияси икки канал келишуви асосида тенг тақсимланиши ва ўйинлар икки телеканалда ҳам намойиш этилиши мумкин. Бироқ бунинг учун икки компания ўзаро келишиб, трансляция ҳуқуқини сотиб олиш учун биргаликда таклиф бериши керак бўлади.
МТРК раиси Алишер Хаджаев ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида футбол трансляцияларини сотиб олиш бўйича нодавлат телеканаллари билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдирган.
«Ўзбекистон МТРК томонидан футбол мухлислари учун жуда қизиқарли бўлган миллионлар ўйини ҳисобланган футбол бўйича Жаҳон, Осиё, Европа чемпионатлари ва Европа давлатларининг миллий чемпионатлари учрашувларини трансляция қилиш, жумладан тўғридан-тўғри эфирга узатиш ҳуқуқларини олиш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. МТРКнинг мазкур ҳуқуқларни олишдан мақсади фақат даромад олиш эмас, балки турли даражадаги футбол учрашувларини тўғридан-тўғри трансляция орқали миллионлаб мухлисларнинг спорт ўйинларига бўлган қизиқишини қондириш ва футболни халқимиз орасида янада оммалаштиришдир. Футбол трансляциясидан тушган маблағларни МТРК асосан трансляция ҳуқуқини сотиб олиш учун сарфланган харажатларни қоплашга йўналтиради.
Ўзбекистон МТРК юқоридаги кўрсатилган ҳуқуқларини республикадаги бошқа Нодавлат телеканаллари билан бўлишишга тайёрлигини билдиради. Шу билан бирга ҳуқуқларни харид қилишда биргаликда иштирок этишга таклиф қилади (долевое участие при приобретении соответствующих прав).
Бунда телеканалларнинг ўзлари томонидан ҳамкорликда олинган ўйинларни трансляция қилишдан тушган даромадлари ўша телеканалнинг ўзида қолади», деб ёзган Хаджаев ўзининг саҳифасида.
Мазкур пост остида нодавлат телеканали деганда «Зўр ТВ» телеканали назарда тутиляптими, қабилидаги саволга Хаджаев «Ҳа», деб жавоб қайтарган.
Мавзуга оид
20:10 / 02.10.2024
Ўзбекистонлик хоккейчилар илк маротаба жаҳон чемпионатида иштирок этади
15:23 / 04.12.2023
Тошкент оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
20:22 / 26.11.2023
Ўзига 100 млн, мураббийига 50 млн. Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова тантанали кутиб олинди
15:34 / 22.11.2023