Ўзбекистон | 19:50 / 02.04.2018
55273
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қурилиш вазирлиги тузилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Фармонда архитектура ва қурилиш соҳасини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш ҳудудларнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, ҳаёт ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган шаҳарсозлик фаолиятини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришнинг муҳим шарти ҳисобланиши таъкидланган. 

Шу билан бирга, таҳлиллар қурилиш соҳасида давлат бошқарувини ташкил этишда замонавий шаҳарсозлик услублари, нормалари ва қоидаларини кенг жорий қилишга, рақобатни ривожлантиришга, янги субъектларнинг инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар билан бозорга кириб келишига тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммоларни очиб берди: 

биринчидан, шаҳарсозлик фаолияти, лойиҳа ва пудрат хизматлари бозори, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг ҳолати ҳамда ривожланиш тенденциялари комплекс таҳлил қилинмаган, оқибатда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантиришнинг ўрта муддатли ва истиқболли йўналишлари белгиланмаган; 

иккинчидан, архитектура ва қурилиш органларининг ташкилий-штат тузилмаси қурилиш ва реконструкция жараёнларини тўлиқ кузатиб боришни таъминлаш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари сифатини самарали назорат қилиш учун мавжуд ресурсларни сафарбар этишга имкон бермаяпти; 

учинчидан, архитектура ва қурилиш органлари функцияларининг тарқоқлиги ҳамда улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги шаҳарсозлик соҳасида давлат хизматларини кўрсатишнинг максимал шаффофлиги ва самарадорлигини таъминламаяпти; 

тўртинчидан, кўпчилик аҳоли пунктларининг бош режалари мавжуд эмаслиги ҳудудларни комплекс қуришга, ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини жойлаштиришга, тадбиркорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, қурилиш жараёнида пухта ўйланмаган қарорларни қабул қилишга сабаб бўлмоқда; 

бешинчидан, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар анча эскирган ҳамда уларда архитектура-қурилиш ишларини олиб боришнинг инновацион услубларини, энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни кенг қўллаш эътиборга олинмаган, бу эса лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва объектларни қуриш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда; 

олтинчидан, қурилиш ишларини ташкил этиш, инновацион ғоялар ва ишланмаларни жорий қилишда айрим ҳолларда тор идоравий манфаатнинг устунлик қилиши бюджет маблағларидан оқилона фойдаланмасликнинг сабабларидан бири ҳисобланади; 

еттинчидан, қурилиш соҳаси ва қурилиш материаллари саноатида истиқболли инвестицион лойиҳаларни, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни илгари суриш ва амалга оширишда, шунингдек, инновацион маҳсулотларни жорий этиш учун инфратузилмани такомиллаштиришда давлат-хусусий шериклигидан фойдаланишга етарлича эътибор берилмаяпти;

саккизинчидан, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими архитектура-қурилиш соҳасини жадал ривожлантириш вазифаларини самарали рўёбга чиқаришга имкон бермаяпти, кадрларни моддий рағбатлантириш даражасининг пастлиги эса малакали мутахассисларнинг тизимдан кетиб қолишига олиб келмоқда. 

Архитектура-қурилиш соҳасини бошқаришнинг шаҳарсозлик фаолиятига инновацион ғоялар, ишланмалар ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини берувчи замонавий тизимни яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда Таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси базасида Вазирлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси Вазирлик ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси, қурилишда стандартлаштириш ва сертификатлаш республика маркази Қурилишда стандартлаштириш республика маркази этиб қайта ташкил қилинган. 

Қуйидагилар: 

қурилиш соҳасида тегишли фаолият турларини лицензиялаш функциясини Вазирликка ўтказган ҳолда Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши мониторинги ва фаолиятни лицензиялаш бўйича Республика комиссияси; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Шаҳарсозлик фаолиятини ахборот билан таъминлаш маркази; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотлар ва нархларни шакллантириш маркази тугатилади. 

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган ҳолда 1-иловада назарда тутилган лицензияларни беради. 

Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш, меҳнат унумдорлигини ошириш, қурилиш-монтаж ишлари қийматини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган энергия самарадор ва энергия тежайдиган инновацион лойиҳа ва қарорларни қурилиш фаолиятига жорий этиш; 

республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил қилиш, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг юритиш; 

шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, архитектура-қурилиш фаолиятини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўрта муддатли давлат дастурларини ишлаб чиқиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурларини тайёрлашда иштирок этиш; 

лойиҳа иши ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳа-қидирув ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш ва ҳудудий тармоқларини кенгайтириш, якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш; 

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ва янгилаш, идоравий қурилиш норма ва қоидаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш, лойиҳалаш, қурилиш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш ишларини амалга ошириш; 

архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқув жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан яхшилаш, қурилиш соҳасида, жумладан, чет элдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачилар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш. 

Вазирлик: 

Ўзбекистон Республикасида архитектура ва қурилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади; 

маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, янги турдаги юқори сифатли қурилиш материалларига бўлган ички талабни қондириш бўйича дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш борасида “Ўзқурилишматериаллари” АЖ фаолиятини мувофиқлаштиради; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштирилади. 

Қуйидагилар Вазирлик ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат бўйича инспекциянинг асосий вазифалари этиб белгиланган: 

аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларга қатъий мувофиқ равишда комплекс қурилиши, аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуриш, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш, қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишда юридик ва жисмоний шахслар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка, шаҳарсозлик норма, қоида ва стандартларига сўзсиз риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш; 

буюртмачи техник назорат ва лойиҳа ташкилотлари муаллифлик назорати олиб бориши устидан мониторинг ўтказиш. 

Қурилиш-монтаж ташкилотлари реестрини юритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади. 

Барча тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши доирасида товар (иш, хизмат)ларни харид қилиш бўйича танлов (тендер) савдоларида белгиланган тартибда иштирок этиш ҳуқуқи берилади. 

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда қурилиш соҳасида айрим фаолият турларини лицензиялашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи соддалаштирилган механизмини тасдиқлайди: 

лицензия шартномасини имзолаш заруратини бекор қилган ҳолда, аниқ ва тўлиқ лицензия талаблари ва шартлари; 

лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширишнинг самарали механизми; 

моддий жавобгарлик ҳамда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2018 йил 1 июлга қадар муддатда аккредитация механизмини жорий этиш орқали, жумладан, аккредитация органининг мустақиллигини таъминлаш, субъектларнинг малака талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартибини белгилашни назарда тутган ҳолда, қурилиш соҳасида техник назоратга оид давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича таклиф киритади. 

Қурилиш фаолиятини такомиллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқланади. 

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилиши учун шахсан жавоб бериши белгиланган. 

Вазирлик Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Мавзуга оид