Ўзбекистон | 14:48 / 05.04.2018
59328
5 дақиқада ўқилади

Янги фармон: Президент девонида янги хизмат ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
 
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси президенти девонининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича хизмати базасида Ўзбекистон Республикаси президенти девонининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш ва ислоҳотларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш хизмати ташкил этилади.
 
Ўзбекистон Республикаси президенти девонининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш ва ислоҳотларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш хизматининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади: 

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳалари, давлат бошқаруви тизимларининг устувор йўналишларини ишлаб чиқишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича фаолиятини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президентининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги конституциявий ваколатларини амалга оширишга кўмаклашиш;

Парламент, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш;

давлат бошқаруви тизимининг самарали ишлаши, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларни тўлиқ амалга оширилиши, қонунчилик ҳужжатларини қатъий амалга оширилиши, шунингдек бюрократия, ҳуқуқбузарлик ва коррупция учун шароит яратаётган тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ва камчиликларни аниқлаш;

давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳалари тизимини ислоҳ қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий қилиш бўйича комплекс таҳлил ва таклифлар тайёрлаш;

ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимли ва барқарорлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар фаолиятида ягона ва тўғри ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳалари тизимини ислоҳ қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорлари бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш;

Ҳукумат фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш, унинг ижро этувчи аппаратини оптималлаштириш, вазирликларнинг уларга ишониб топширилган соҳаларда жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида ваколат ва масъулиятни аниқ белгилаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини таҳлил қилиш, уларнинг масъулияти ва жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишдаги мустақиллигини ошириш, минтақаларда ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

суд тизимининг мустақиллигини янада ошириш, фуқароларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

адлия, прокуратура ва ички ишлар органларининг ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришдаги фаолиятини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш, уларнинг фаолиятини тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш;

судларда, адлия, прокуратура ва ички ишлар органларида давлат кадрлар сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш, мамлакатдаги ҳуқуқ ва тартиб-интизом ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси президентини хабардор қилиш.

Хизматга қуйидаги ҳуқуқлар берилди: 

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан статистика, таҳлил ва бошқа ахборотларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳалари тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорларини амалга ошириш тўғрисида маълумот талаб қилиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимига ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқий камчиликларни тўлдириш ва янги қонунларни қабул қилиш, амалдаги нормаларни ёки бошқа ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш бўйича мажбурий таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси президентининг кўриб чиқиши учун республика давлат бошқаруви органлари ва ҳокимлари актларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш бўйича таклифлар киритиш.

Белгиланишича: 

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси президентига фақат Хизмат томонидан кўриб чиқиш учун киритилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши аппарати ваколатига тааллуқли бўлган масалалар истисно саналади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати томонидан киритилувчи лойиҳалар Хизмат билан мажбурий мувофиқлаштирилади;

ҳукумат қарорларининг лойиҳалари Хизмат билан мажбурий мувофиқлаштирувга асосан амалга оширилади;

ўзида умуммажбурий кўрсатмаларга эга бўлган, жумладан шахсий имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этишни назарда тутувчи ҳукумат ва идоравий протокол қарорлари, ёзма кўрсатмалари қабул қилинишига йўл қўйилмайди;

ҳукумат протоколи қарорлари лойиҳалари имзолангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мажбурий юридик экспертизадан ўтказилиши ва рўйхатга олиниши керак. 

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти тугатилади, унинг балансидаги мулк ва бошқа моддий бойликлар Хизматга берилади.

Мавзуга оид