Ўзбекистон | 22:00 / 18.04.2018
30263
3 дақиқада ўқилади

Прокурор: «Бобомурод Абдуллаев ўзи ёзган мақолалар рўйхатини тақдим этмасдан, судья ва кузатувчиларни чалғитмоқчи»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз ҳамда амалдаги ҳукуматни ноқонуний эгаллаб олиш каби жиноятларни амалга оширганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев, блоггер ва ўқитувчи Ҳаётхон Насриддинов, шунингдек, икки нафар ишбилармонларга нисбатан олиб борилаётган суд мажлиси бугун, 18 апрел куни давом эттирилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Суд мажлиси бошланиши билан давлат айбловчиси Б.Қобилов судланувчининг ҳаракатлари юзасидан фикр билдирди. Унинг айтишича, судланувчи Абдуллаев ўзига тегишли мақолалар рўйхатини вақтли тақдим этмай, суд ишини қийинлаштирмоқда.

«​Мақолаларнинг барчасини ёзмаганман, дейди. У ҳолда нега судланувчи вақтида ўзига тегишли мақолалар рўйхатини тақдим этмаяпти. Мақсад битта: судья ва кузатувчиларни чалғитмоқчи. Вақт чўзиши билан унинг «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси билан чоп этилган сайтдаги мақолалари мазмунан ўзгартирилмоқда»​, дейди прокурор.

Шундан сўнг, судья Зафар Нурматов суд мажлисига ахборот хавфсизлиги соҳаси мутахассиси сифатида таништирилган Ж.Қаландаров хизматидан фойдаланишга қарор қилди. Қаландаров суд мажлисида тайёрланган компютер ва проектор ёрдамида, ошкора «Ўзбекистон халқ ҳаракати» сайтига айланма йўл орқали кириб, Ҳақназаров мақолаларини кўрсата бошлади.

Бундан аввалги суд мажлисида журналист Бобомурод Абдуллаев шикоят қилганидек, суд иши жилдига тикилган айрим мақолалар мазмунан сайтда эълон қилинган материаллардан фарқланиб турарди. Яъни, жилдга ашёвий далил сифатида қўшилган айрим мақолаларга, сайтдагидан фарқли равишда, сўзлар қўшилганди. Бобомурод Абдуллаев бу мақолалар унга тегишли эканини айтса ҳам, «​қўшилган сўзлар»​ни инкор этаётганди.

Мутахассис Қаландаров махсус усул ёрдамида сайтнинг архивини варақлай бошлади. Аниқланишича, Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида эълон қилинган мақола сайтга жойлаштирилган пайтда, мақоланинг мазмуни жилдга тикилган ашёвий далилдан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Аксинча, сайтнинг ҳозирги кўринишида мақолаларга ўзгартириш киритилган. Мутахассиснинг айтишича, бундай ўзгаришларни фақат сайт администратори киритиши мумкин.

Суд мажлисининг қолган қисмида барча Ҳақназар мақолаларининг барчаси архивдан чиқарилиб, мазмунан солиштириш билан ўтди. Суд ўз ишини давом эттиради.

Мавзуга оид