Жаҳон | 20:17 / 26.04.2018
5978
2 дақиқада ўқилади

Bosch дизель машиналаридан яна кўп йиллар фойдаланишга имкон берувчи технология яратди

Автомобиллар бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи Bosch компанияси дизел ёқилғисида ишловчи машиналар атроф-муҳитга азот оксидларини (NOx) анча камроқ  чиқарадиган янги технологияни тақдим қилди. Ушбу ечим нафақат қатъий қонун меъёрларига тўғри келиш, балки дизел двигателларни энг экологик тоза двигателларга айлантиришда ёрдам беради. 

Фаол терморегуляция деб номланувчи технологиядан асосий мақсад чиқинди газлари рециркуляция тизими (EGR)да оптимал ҳароратни ушлаб туришдир. У Цельсий бўйича 200 даражада энг самарали ишлайди, бунга эса паст оборотларда, мисол учун шаҳарда, ҳаракатланишда камдан-кам эришилади.

Bosch таклиф қилаётган ғоя ҳарорат йўқотишларини минималлаштириш учун EGR’ни иложи борича двигателга яқинроқ кўчириш ва чиқинди газлари ҳаракати йўналишини созлашдан иборат. Бу азот оксидлари миқдорини бир километрга 13 миллиграммгача камайтиришга имкон беради. Амалдаги чеклов 168 миллиграммни ташкил қилади.

Фото: motor.ru

2020 йилдан чиқиндилар миқдорини бир километрга 120 миллиграмм қилиб белгиловчи янги талаблар кучга киради. Бироқ Bosch ҳозирдаёқ 40 миллиграмм кўрсаткичга эриша олди: бундай натижани VW Golf TDI негизидаги синов прототипи шаҳар циклида ва газ тепкисига кескин босишларда кўрсатди.

Аввалроқ йирик автомобилсозлик компаниялари дизел машиналарни ишлаб чиқаришни ва баъзи бозорларда сотишни тўхтатишини маълум қилганди. Улар орасида  Fiat Chrysler Automobiles, Toyota ва Volvo каби йирик компаниялар бор.

 

Мавзуга оид