Жамият | 19:17 / 28.04.2018
9525
6 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазири “Илғор технологиялар маркази” ходимлари билан нимани муҳокама қилди? 

Ўзбекистон Республикасининг президентининг 2018 йил 19 апрелдаги фармонига асосан “Юқори технологиялар ўқув-тажриба маркази” давлат корхонаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфига ўтказилди ва “Илғор технологиялар маркази”га айлантирилди (Center of Advanced Technilogies - C.A.T.).  

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов қайта ташкил этилган марказ ходимлари билан учрашди. Мазкур учрашувнинг мақсади ташкилотнинг янги роли, шунингдек, марказнинг тузилиши ва фаолиятини ислоҳ қилиш, унинг янги жойлашувини аниқлаш, Ўзбекистонда илм-фан ва технологияларни инновацион ривожлантиришда марказ иштирокини аниқ белгилашга қаратилган президент фармонида белгиланган ижобий ўзгаришларни муҳокама қилиш эди.  

Давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтилиши ҳам муҳим ўзгаришлардан бирига айланди, бу том маънода марказни жонлантириш йўлида хизмат қилиши шубҳасиз. 

Муқаддам қабул қилинган қарорлар доирасида ҳам илмий жиҳатдан, ҳам инфратузилма нуқтаи назаридан ноёб ҳисобланган марказни молиялаштириш йилдан-йилга 25% камайиб бораётган эди, бу эса ўз навбатида кадрлар салоҳиятининг йўқолиши, бинони ва ноёб асбоб-ускуналарни парваришлашдаги қийинчиликлар сингари қатор муаммоларнинг келиб чиқишга сабаб бўлди. Бундан ташқари марказнинг салоҳиятидан тор доирада фойдаланилар, фақат марказга оид бўлган лойиҳаларгина амалга оширилар эди. 

Фото: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

Муассасанинг Юқори технологиялар маркази тариқасида фаолият юритиши тараққиёт сари қўйилган илк қадам экани таъкидланди, ушбу тайёргарлик босқичини ўтаб бўлинган деб ҳисоблаш мумкин ва, энди олдинга – юқори технологиялардан илғор технологиялар сари ҳаракатланиш фурсати етди. Шу боис Марказни илғор технология марказига айлантириб, Инновацион ривожланиш вазирлигига топшириш ғояси туғилди. Барча олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар марказни қўллаб-қувватлаш ва уни мамлакатдаги жараёнларга интеграция қилиш масалалари бўйича кенг истиқболларни очиб беради.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

Вазирликка Илғор технологиялар марказининг илмий-тадқиқот ишларини самарали шакллантирилишини таъминлаш, уларнинг замонавий илм-фан талаблари ва жаҳон ютуқлари даражасида бўлишига эришиш юклатилди. Шу билан бирга, амалий йўналиш ва маҳсулдорликка асосий эътибор берилиши лозим. Марказ илмий тадқиқотларни ўтказиш ва инновацион ишланмаларда илғор стандартларни қўллашда илм-фанимиз локомотиви вазифасини ўташи лозим. 

Фото: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

«Мамлакатимиз раҳбари бизнинг олдимизга катта вазифаларни қўйди, – деди Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова, – иқтисодиёт соҳасида истиқболли ғоялар ва инновацион ишланмаларни шакллантиришга кўмак кўрсатиш ҳамда ускуналар ва инфратузилмадан биргаликда фойдаланиш асосида юқори технологияли ишлаб чиқаришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан. Марказга инновацион фикрловчи ёшларни тарбиялаш жараёнида янги форматда фаол иштирок этиш, янги авлод вакилларининг табиий фанларга бўлган қизиқишини ошириш, талабаларга ўз ғоя ва лойиҳаларини энг яхши лаборатория шароитларида амалга ошириш ва илғор илмий маҳсулотлар яратишга жалб этиш масъулияти юклатилган. Марказимиз эшиклари улар учун ҳар доим очиқ экани, янги ғояларни амалга оширишлари, ўз билимларини кўпайтиришлари учун кўмак кўрсатишга ҳар доим тайёр эканимизни ёшларга етказишимиз жуда муҳим».

Фото: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

«Аъло даражадаги техник базага эга бўлган Марказ Қарор туфайли янада тез ва серунум ривожланишига аминман, – таъкидлади Илғор технологиялар марказининг кичик илмий ходими Владимир Цой. – Энди севимли ишимиз - фан билан шуғулланар эканмиз ютуқларимизга монанд равишда лойиқ ҳақ олишимиз мени ва хусусан, ҳамкасбларимни жуда қувонтирмоқда. Бизни давлат ҳужжатига мувофиқ ўз қарамоғига олган Инновацион ривожланиш вазирлиги марказ ходимларининг лавозим маошларига устама ҳақ белгилаш ҳуқуқига эга. Асосийси – тадқиқот натижаларини кўрсатиш. Буларнинг бари Марказ ходимлари ва бу ерга жалб этиладиган олимлар учун қўшимча рағбат ролини ўташи шубҳасиз».

Фото: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

Инновацион ривожланиш вазири Марказнинг ёш олимлари хориждаги энг яхши олий ўқув юртларида малака ошириш, таклиф этилган чет эллик мутахассисларнинг тавсияларини олиш, тадбиркорлик малакаларини ривожлантириш ва ҳатто ўзларининг янги ишларини очиш имконига эга бўлишларини таъкидлади. Учрашувда айтилганидек, барча бундай масалаларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Илғор технологиялар маркази илм-фан соҳасининг иқтидорли вакилларига ёрдам беришга тайёр.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

 
Президент қарорида белгиланган тузилмавий ва концептуал ўзгаришлар мамлакатимизнинг илмий ва таълим муассасаларига, «ўзи етишган олимлар»га Марказнинг моддий ва назарий базасида ўз ғоя ва технологияларини ишлаб чиқиш имконини беради, келажакда улар иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришнинг реал секторларига жорий этилади. Бу эса халқаро илмий-техник ҳамкорлик учун янги эшикларни очиш ва грант ҳамда инвестицияларни жалб этиш учун замин ҳозирлайди.

 

Мавзуга оид