"Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 июлдаги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигида жорий йилнинг 2 май куни “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумки “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналар тақдирланадилар.
2018 йилда Тошкент шаҳридан 183 нафар ҳамшаҳарларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотландилар. Тошкент шаҳар ҳокимлигида тақдирланганларнинг 61 нафарига мукофот тантанали тарзда топширилди.
"Мамлакатимиз, пойтахтимиз ҳаётида қутлуғ иш, қутлуғ тадбир бўлиб ўтди. Бутун умрини ҳалол меҳнат қилиб, жамоат ишларида яхши хизмат кўрсатган, яхши кўрсатгичларга эришган бир гуруҳ меҳнат фахрийларига давлат раҳбари томонидан таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони” топширилди. Бундай юксак мукофотни байрам арафасида бизга берилиши, камтарона меҳнатимизни юксак қадрланиши, доимий эътиборда бўлаётганлигимиз учун президентимизга раҳмат айтамиз", – дейди “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, тарих фанлари номзоди, доцент Миралимов Шавкат Аббасович.