Ўзбекистон | 20:25 / 03.05.2018
8224
3 дақиқада ўқилади

Уруш қатнашчилари ва ногиронларига МИБ томонидан тўлов сертификатлари топширилмоқда

Уруш — қадим-қадимдан инсоният бошига фақат мусибат ёғдирган, ҳар-бир оилани яқин жигаридан айирган мудҳиш воқеа. Ана шунинг учун жангу-жадални келтириб чиқарган шахслар қаттиқ қораланган, лаънатланган одамлар тинчлик учун жон фидо қилишган. Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 73 йил тўлмоқда. Орадан ойлар, йиллар ўтиб, бу жангу-жадал бошланган сана биздан узоқлашмоқда. Лекин унинг инсоният қалбига солган жароҳати ҳеч қачон битмайди. Ўзбекистонда уруш жабрини кўрмаган, азобини тортмаган оилани топиб бўлмайди.

Юртимизда ёши улуғ инсонларни қадрлаш, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, ҳар томонлама рағбатлантириш борасида қилинаётган ишлар нуронийларнинг кўнглини тоғдек кўтариб, дардларига дармон бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевниинг 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида уруш қатнашчилари ва ногиронлари яшаб келаётган хонадонларидаги электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви истеъмоли учун 300 минг сўмлик тўловларини амалга ошириш имконини берувчи гувоҳномалар топширилиши белгиланган. 

Мазкур ҳужжат Бюронинг жойлардаги бўлимларига тақдим этилиши биланоқ тегишли тўловлар дарҳол амалга оширилади. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг Kun.uz’га берган маълумотига кўра, давлатимиз томонидан ажратилаётган ушбу маблағлар Республикамиздаги 1173 нафар уруш қатнашчиси ва ногиронларининг хонадонларига бориб, уларнинг оила аъзолари даврасида топширилмоқда. 

Ўз мухбиримизнинг хабар қилишича, давлат томонидан ажратилаётган маблағлар Самарқанд вилоятидаги 97 нафар уруш қатнашчиси ва ногиронларига ҳам топширилди.

"Ёшим тўқсон бешга яқинлашиб қолди. Ҳаш-паш дегунча салкам бир аср яшаб қўйибман, — дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Рашид бобо Раҳмонов. — Ҳаётимда амин бўлганим шу, вақтнинг қадрига етайлик. Болаларим уни увол қилманг, зое кетказманг. Иложи бўлса, ҳар бир ишингизни аввало ўз камолингиз, бахтингиз ва шу орқали оила, яқинларингиз, ён-верингиздагиларга фойдаси тегадиган қилиб бажаринг. Шунда барака топасиз, иншааллоҳ".

"Уруш азобларини биз кўрдик, сиз кўрманг, болаларим, — дейди сўлим ҳовлисига шодон қийқириқлар билан бир-бирига гал бермай чопиб келаётган невара-ю эвараларини тафтли қучоғига олаётган Пайариқ туман Жувозхона маҳалласида яшовчи Маматқобил ота Абдураззоқов. — Худога шукр, шундай ёруғ кунларни кўриш бизга насиб этди. Жанггоҳлардан қайтмаган, урушнинг асорати туфайли бевақт ёстиғи қуриган тенгдошларимни эсласам, юрагим зирқирайди.

Қатор орден ва медаллар билан тақдирланган, қадр-қиммати, шаъни улуғланаётган юртда умргузаронлик қилаётган бу нуронийлар бугунги доруломон кунларга етказганидан шукроналикни қайта-қайта таъкидлаб, дуога қўл очишади.


Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид