Жамият | 12:36 / 07.05.2018
57489
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги мактаб-интернатда ўта қўпол қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди

Фото: Тошкент вилояти прокуратураси ахборот хизмати

Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Оққўрғон туманидаги 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти ўрганилиб, текширилганда ўта қўпол қонун бузилиши ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Текширишда аниқланишича, мактаб-интернат мансабдор шахслари узоқ йиллар давомида “кўзбўямачиликка” йўл қўйиб, юқори турувчи инстанцияларга таълим-тарбия муассасасидаги ҳақиқий аҳвол ҳақида нотўғри маълумот бериб келишган.

Хусусан, текшириш вақтида мактаб-интернатда санитария-гигиена қоидаларига умуман риоя қилинмаганлиги маълум бўлди.

“Масалан, мактабгача таълим гуруҳлари учун алоҳида ётоқхоналар ташкил этилмагани, ётоқхонада яшовчи болаларга ювиниш учун шароитлар яратилмагани, ҳаттоки таълим муассасасининг 33 нафар ходимлари тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келишаётганлиги соҳа раҳбарлари масъулиятни мутлақо унутиб қўйишганидан далолат беради”, - дейилади хабарда.

Кўп йиллардан буён мактаб-интернат ётоқхонасида мавжуд ҳожатхона носоз ҳолда бўлиб, болалар ундан санитария-гигиена талабларига зид равишда фойдаланиб келаётганлиги ҳамда зарарсизлантирувчи эритмалар таъминоти йўқлиги натижасида бир қанча тарбияланувчилар тери-таносил касалликларига чалинганлиги барчани ташвишга солиши лозим.

Таълим муассасасининг мансабдор шахслари томонидан ушбу касалликларни эрта аниқлаш ва болалар касалланишининг олдини олиш чоралари кўрилмасдан, аксинча, нотўғри даволаш ишлари ўтказилиб, тиббий меъёрларга мос бўлмаган муолажалар олиб борилган.

Бундан ташқари, муассасада таълим-тарбия ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилиши оқибатида номаълум шахслар томонидан таълим муассасасининг 16 ёшга тўлмаган тарбияланувчилари ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилинган.

Шунингдек, муассаса раҳбариятининг бепарволиги оқибатида таълим муассасасининг 16 ёшли бошқа бир тарбияланувчиси И.С.нинг бир ярим ойдан буён дарс машғулотларига қатнашмасдан бедарак йўқолганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига хабар берилмаган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан мактаб-интернат мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки тергов давомида аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатига қонуний баҳо берилиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва айбдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш чоралари таъминланади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид