Жамият | 02:41 / 10.05.2018
14078
6 дақиқада ўқилади

«Ўғлимнинг жасорати нафақат невараларим, балки барча ёшлар учун ибрат мактаби бўлди»

Фото: KUN.UZ

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни Ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилган, шу юртнинг азиз фарзандлари хотираси ҳам ёдга олинмоқда. Ватаннинг ана шундай мард ўғлонларидан яна бири — сержант Мурод Тожиев (1983–2011) эди.

Мурод Тожиев 1983 йилда Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. 2000 йилда Жомбой туманидаги 17-умумтаълим мактабини тугаллаб, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 2002 йилдан Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари сафида шартнома асосида хизматни давом эттира бошлаган.

2011 йил 13 ноябрь куни мамлакатимиз чегараларини бузиб ўтишга ҳаракат қилган жиноятчиларга қарши курашда олинган оғир тан жароҳати оқибатида ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан сержант М.Тожиев давлатимиз чегаралари дахлсизлигини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси ва жанговар хизмат фаолиятида эришган юксак натижалари учун вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.

Чегарачи бўламан, доим постда тураман...

Ўзини ғоз тутиб шу шеърни ўқиганда, Мурод боғча тарбияланувчиси эмас, гўё Ватан ҳимоясига шайланган чинакам эр йигитдек таассурот уйғотарди кишида.

— Укамнинг болалик чоғида айтган шу шеъри ҳар доим қулоқларим остида жаранглаб туради, — дейди опаси Фарида Ахатқулова. — У тошойна олдида туриб, қўлларини ҳарбийчасига тўғирлаб, ҳар бир сўзни виқор билан айтарди. ДХХ чегара қўшинлари сафида хизматни бошлагач, менга телефон қилиб, «Опа, орзуим ушалди, чегарачи бўлдим!» дея болаларча қувонганди. У жуда ажойиб, оғир, вазмин йигит эди.

Мурод Тожиевнинг ҳам мурғак қалбида уйғонган орзу кун келиб ижобат бўлди. Чегарачилар сафида мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш учун фидокорона хизмат қилди. У ҳаётининг сўнгги дақиқасигача Ҳарбий қасамёдига содиқ бўлиб қолди. Миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиз тинчлиги, осойишталигини мустаҳкамлаш йўлида кўксини қалқон қилди. Ўшанда у эндигина 28 ёшга тўлганди...

Мурод болалигидан билимга чанқоқлиги, қизиқувчанлиги, тиришқоқлиги билан устозлари меҳрини қозонди. Камтарлиги, кенг феъллиги, ота-онасига меҳрибонлиги учун маҳалла-куй, атрофдагилар уни иззатлашарди.

Ҳарбий хизмат даврида унинг бу хислатлари янада мустаҳкамланди. У йўллаган номаларни ўқир эканмиз, бунга тўлиқ амин бўламиз:

«Ассалому алайкум, отажон, онажон! Укам Шавкатжон ва бошқа барча яқинларимга мендан оташин салом. Қалай, соғ-саломат юрибсизларми, ишлар билан чарчамасдан, қишни ўтказиб олдиларингизми?

Мана, баҳорнинг иссиқ кунлари ҳам бошланди. Биз ҳам ёзги либосда хизматни давом эттирмоқдамиз. Мендан сўрасангиз, аҳволим яхши, соғлиғим жойида. Хизматим ҳар доимгидек беш! Бундан кейин ҳам беш бўлади, деган умиддаман. Бундан йигирма кун олдин расм билан биргаликда хат ёзиб жўнатгандим. Мана, яна дил сўзларимни йўллаяпман. Аяжон, ҳалиям ишлаяпсизми, оёғингиз безовта қилмаяптими? Отажон, сиз қалайсиз, соғлиқларингиз яхшими? Сизга ҳамиша тиргак бўлсам, дейман.

Сизларни соғиниб қолгувчи, ўғлингиз Мурод».

Мурод Тожиев ҳарбий билим ва малакани пухта ўзлаштиришга астойдил бел боғлади. Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг шартнома асосида хизматни давом эттирди. Кейинчалик сержантлар тайёрлаш мактабида билим, кўникма ва маҳоратини ошириб, хизмат вазифасини янада масъулият, фидойилик билан адо эта бошлади.

2011 йил 13 ноябрь. Сержант М.Тожиев наряд таркибида чегара наряди каттаси бўлиб хизмат олиб бораётганда юртимиз чегарасини бузиб ўтишга уринган жиноятчиларга қарши курашди. Ғаламислар билан бўлган тўқнашувда Мурод жароҳат олиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

— Ўғлим Муроджоннинг орзулари кўп эди, — деб эслайди Бўстон Тожиева. — Болам ўзи хизматда бўлса ҳам бизнинг ташвишимизни ўйларди. Фарзандларини муносиб тарбиялаб, элу юртга қўшишни истарди. Унинг жасорати нафақат невараларим, балки барча ёшлар учун ибрат мактаби бўлди. Муроджон тинчлигимиз йўлида кўксини қалқон қилди, жонини фидо этди. Мен ўғлимдан розиман.

Бугунги кунда Мурод Тожиевнинг оиласи давлатимиз эътибори, ғамхўрлиги оғушида. Турмуш ўртоғи, фарзандлари уй-жой билан таъминланган. Байрамларда ҳамкасблари, ҳокимият вакиллари улар ҳолидан хабар олиб, ҳар томонлама кўмак бериб туришибди.

— У кишининг йўқлигига ҳалиям ишонгим келмайди, — дейди Раънохон. — Жуда меҳрибон эдилар. Бирор марта ножўя, қаттиқ гапирганларини эслолмайман. Тез-тез қўнғироқ қилиб турардилар. Шу мудҳиш воқеадан икки соат олдин телефон орқали гаплашдик. У оиламизга квартира берилганидан жуда хурсанд эди. Уч кундан сўнг бизни янги уйига олиб кетишини айтганди...

Гап орасида катта фарзандимиз Шуҳратжонни, ўзингни эҳтиёт қил, деб тайинладилар. Мен иккинчи боламга ҳомиладор эдим. Фарзандларимиз кўп бўлишини жуда-жуда истардилар. Ўғлимиз ҳам, синглиси Ёдгорой ҳам атрофимда парвона. Шуҳратжонимдан катта бўлсанг ким бўласан деб сўрасам, «Дадамдек чегарачи бўламан!» дейди.

— Дўстим жониворларни парваришлаш, мевали кўчатлар экиб, боғ яратишга ишқибоз эди, — деб хотирлайди Муроднинг партадош дўсти Воҳид Мусоқулов. — Бугун у ўтказган кўчатлардан катта боғ ҳосил бўлган. Ҳар сафар хонадонига борсам, у эккан дарахтларга боқиб кўнглим кўтарилади, гўёки дўстимнинг нафаси шу боғларда кезиб юргандек.

Она юрт, Ватан учун сидқидилдан хизмат қилган фидойи инсонлар ҳеч қачон унутилмайди. Уларнинг эзгу амаллари, сўнмас жасорати ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб қолаверади.

Мавзуга оид