Жамият | 21:20 / 17.05.2018
6959
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси ташкил этилди

Бугун, 17 май куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциациясининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Айни кунда республикамизда 140дан ортиқ нашриёт ва 450дан ортиқ китоб савдоси мажмуалари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу Ассоциация китоб маҳсулотларини нашр этиш ва харидорларга етказиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этувчи мустақил тузилма сифатида иш бошламоқда. Ассоциация бир вақтнинг ўзида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, бу жараёнларни кенг тарғиб қилиш, нашр ва савдо соҳасидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этишни ўз олдига мақсад қилган.

– Бугунги кунда республикамизда китоб маҳсулотлари тарғиботини янада кенгроқ амалга ошириш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг китобга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ҳукумат даражасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев. – Бунга мисол сифатида 2018 йил 16 май куни Наманган вилоятининг Норин туманида мамлакатимиздаги илк Матбуот ва ахборот-кутубхона марказининг очилганини келтириш мумкин. Бундан кўзланган асосий мақсад вилоятда фаолият юритувчи кутубхоналар, китоб дўконларига услубий ёрдам кўрсатишдан иборатдир. Бугун эса Агентлик томонидан ноширлар ва китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш учун Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциациясини тузиш таклиф этилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Ассоциация томонидан китоб савдосига ихтисослашган китоб дўконларига махсус гувоҳномалар берилиши жорий этилади. Гувоҳномага эга бўлган тадбиркорлар доимий равишда китоб савдоси, нашриёт фаолияти, хорижий давлатларнинг китоб савдосидаги илғор тажрибалари билан таништирилади ва малакаси ошириб борилади.

Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси раислигига сайлаган «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти директори Эркин Абдураҳмонов Ассоциация томонидан юртимиздаги ҳар бир китоб дўконида туриши шарт бўлган адабиётлар рўйхати ишлаб чиқилиши зарурлигини таъкидлади:

– Ўз навбатида, бу ишни амалга ошириш учун барча ноширлар ҳамда китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг кучларини бирлаштиришимиз лозим. Шунингдек, адабиётларни нашр этишда барча китоб дўконларининг умумий буюртмасини шакллантириш орқали китобнинг нархини пасайтиришга эришамиз. Ассоциация ноширлар ва китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолиятига аралашмайди, аксинча, китоб савдосини яхшилаш учун ҳам ташкилий ҳам услубий кўмак беради.

Бундан ташқари, таъсис йиғилишида ҳозирги кунда халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига ўз вақтида ва мақбул нархларда етказиш билан боғлиқ бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Мавзуга оид