Ўзбекистон | 09:30 / 18.05.2018
152024
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи якунланди. Нималарга эришилди?

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи якунига етди. Давлат раҳбари айни дамда пойтахт Тошкент шаҳрига қайтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашди. Музокаралар аввал тор доирада кейин кенг доирада бўлиб ўтди. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ расмий делегацияси вакиллари иштирок этади, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Трамп билан учрашувда ҳар икки давлат раҳбарлари экстремизм ва халқаро терроризмни қораладилар ҳамда умумий таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини қайд этдилар. Улар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган келишувларни амалга оширишга содиқ эканликларини билдирдилар ҳамда беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий ҳамкорлик Режасини амалга татбиқ қилиш орқали мудофаа соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шундан сўнг Ўзбекистон делегациясининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи муносабати билан “Виллард интерконтинентал” меҳмонхонасида учрашув бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев президент Дональд Трамп билан мулоқоти ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш руҳида ўтганини алоҳида таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кенгаяётгани таъкидланди. Икки мамлакат компаниялари ўртасида қарийб 4,8 миллиард долларлик янги шартномалар имзолангани юқори баҳоланди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда кўп йиллик самарали ижоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаковга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони берилгани эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 17 май куни Америка Қўшма Штатлари Давлат департаментига ташриф буюрди. АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат маҳкамалари алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Мирзиёев Пентагонда АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан музокара олиб борди. Давлат раҳбари кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик учун АҚШ томонига миннатдорлик билдириб, президент Дональд Трамп билан ўтган мулоқот натижасида давлатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. АҚШ мудофаа вазири президент Мирзиёев ташрифидан мамнун эканини билдириб, Ўзбекистон минтақадаги муҳим геостратегик давлат эканини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, президент Капитолийда АҚШ Конгресси вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги конгрессменлар билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида тобора ривожланиб бораётган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев шу куни Вашингтон шаҳридаги Жаҳон банки штаб-квартирасида ҳам бўлди. Давлат раҳбарини Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким кутиб олди. Учрашув чоғида боғдорчиликни ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш, иситиш тармоқларини модернизациялаш, молиявий консультатив хизмат кўрсатиш каби соҳаларга оид битимлар имзолангани айтилмоқда. Музокарада янги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан президентнинг АҚШга ташрифи ўз якунига етди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен: “Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ташрифи муваффақиятли якунланди. Барча сафардагилар, жумладан, янги Боинг (Дримлайнер)дагилар эсон-омон етиб олсин! Вашингтон”, - дея хабар берган.

Фото: Памела Спратлен

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, АҚШ элчиси томонидан эълон қилинган суратда иккита Boeing’ни кўриш мумкин. Аввалроқ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ҳамда Boeing корпорацияси навбатдаги Boeing-787-8 Dreamliner йўловчи самолётини етказиб бериш бўйича шартнома имзолангани хабар қилинганди

Kun.uz ахборот манбалари тахминига кўра, ушбу янги Dreamliner ҳам Тошкентга парвоз қилган. 239 млн долларлик самолёт Boeing томонидан президент Мирзиёевнинг ташрифи якунида тайёр ҳолда тақдим этилгани тахмин қилинмоқда.

Мавзуга оид