Ўзбекистон | 11:00 / 20.05.2018
126024
3 дақиқада ўқилади

«Менга қолса ўқитувчининг маошини 10 баравар оширардим. Лекин иқтисодиёт оғир аҳволда»

19 май куни Улуғнор тумани ҳокимлигида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилояти ва туманлари ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Президент Ўзбекистон иқтисодиёти жуда оғир ҳолатда экани ҳақида айтиб ўтди.

«Олтиариқдагидек Андижонда ҳам узум қилса бўлмайдими? 4 сотих ерга қанча узум қилса бўлади? Нега олтиариқликларнинг 10тадан машинаси бор. Чунки меҳнат қилади улар. Қаерда узум бор бўлиб, сотолмаётган бўлсанглар, менга айтинглар, мен сотиб бераман.

Мана бугун «Обод қишлоқ» қиляпмиз. Ҳаммма қарсак чалиб, урре-урре қиляпти. Лекин «Обод қишлоқ»даги уйда вазият ўзгармаса, ейишга овқат бўлмаса, кийими бўлмаса, боласига китоби бўлмаса, бунақа қишлоқ кимга ёқади, кимга керак бундай «Обод қишлоқ».

Ҳурматли ҳокимларимизга, фаолларга ҳамма чораларни «тўққиз пулдек» тушунтириб бердим. Энди одамларни норози қилсанглар, бу хиёнат бўлади. Катта пул бердим, етмаса яна бераман.

Очиғини айтишим керак, иқтисодиётимиз жуда оғир вазиятда, жуда оғир кунларни бошдан кечиряпмиз. Қанийди, қўлимда бўлса, биринчи навбатда мактаб ўқитувчисининг ойлигини 10 баравар ошириб қўярдим. Мен ўзим университетда ишлаганман, бу иш қанчалик қийинлигини биламан. Бизнинг энг катта хатоимиз мактаблардаги ўқитувчиларни йўқотдик. Мактабларда 11 йиллик таълимни қайтардик, аммо аввалги домлаларни қайтара олмаяпмиз. Хафа бўлмасин ҳеч ким, буни мен айтмасам, ҳеч ким айтмайди, ҳозир аввалгидек домлалар йўқ.

Таълим соҳасида ишимиз анча орқага кетган. Коллеж, коллеж, коллеж дедик. Кимга керак Қўрғонтепада, чўлнинг ўртасида мармар коллеж? У коллежларни қуришдан кўра, мактабнинг домласига ойлик бериш керак эди. Энди бу коллежлар мутлақо ҳеч кимга керак эмас.

Бу соҳада 16 йил ишлаганман, жуда яхши биламан. Коллеж керак, фақат битта туманга битта керак. Туман учун талаб бор мутахассисларни тайёрлаш учун керак.

Аввалги учрашувимизга бир йил ўтди. Бир йилдан кейин ҳам қарсакбозлик қилишларингни истамайман.

Яна бир марта қайтараман, бугундан бошлаб Андижонда талабчанлик 10 марта ортади», дея президентнинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Мавзуга оид