Light | 00:10 / 22.05.2018
23958
5 дақиқада ўқилади

50 ёшга келиб муваффақият ҳақида билганларим: ишбилармон маслаҳатлари

Ишбилармон, нотиқ, "Қандай қилиб илҳомни қайтариш ва ишга меҳрни тиклаш мумкин?" китоби муаллифи Скотт Мотц Inc'да қандай қилиб муваффақиятга эришиш ва орзудаги карьерани қуриш мумкинлигига доир маслаҳатлари билан бўлишди.

1. Сизнинг карьерангиз фақат ўзингизга боғлиқ

25 ёшга тўлганимдан кейин йирик компанияга ишга жойлашганимда орзуларим амалга ошгунича қандайдир бир илоҳий куч мени лавозимдан лавозимга кўтаради, дея тахмин қилганман. Ўзим эса бунга у қадар ҳаракат ҳам қилмаганман.

Бундай қопқонга тушманг. Ҳа, қайсидир бир паллада атрофдагилар сизга ёрдам бериши мумкин, бироқ сизнинг келажагингиз фақат ўзингизга боғлиқ.

Нима истаётганингизга аниқлик киритинг ва ташаббус кўрсатинг.

2. Ўз йўлингизни ўзингиз танланг

Фото: pngtree.com

Сиз учун айнан нима муҳим эканини фақат ўзингиз ҳал қилишингиз мумкин. Бировлар сиздан кутаётган эмас, ўзингиз истаган карьера, ўзингиз истаган ҳаёт сари ҳаракат қилинг. Шунда ўз ҳаётингиздан қониқиш ҳосил қиласиз, кексайганингизда ўз йўлингиздан боришга журъатингиз етмаганидан афсусланишга тўғри келмайди.

3. Бошқаларнинг қўллаб-қувватлашини кутманг, ўзингизга содиқ қолинг

Фото: depositphotos.com

Бошқаларнинг қўллаб-қувватлаши — ташқи мотивация. У ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. У сизни ўзингизга бўлган ишончдан маҳрум қилади. Агар сиз учун муваффақият бошқалар томонидан қўллаб-қувватланишга боғлиқ бўлса, ҳеч қачон унга эриша олмайсиз. Ўзингизга содиқ қолинг.

4. Муваффақиятга оид тасаввурингиз ўзгаради

25 йил илгари мен муваффақият — хизмат пиллапоясидан имкон қадар тезроқ кўтарилиш, деб ҳисоблаганман. Ҳозир эса буни ўз манфаатларимдан-да каттароқ бирор мақсад учун хизмат қилишда кўраман. Авваллари эса бу хаёлимга ҳам келмасди.

5. Атрофдагиларга куч-қувват улашинг

Одатда бошқаларга шижоат ва ижобий кайфият улашувчи кишилар муваффақиятни ўзларига жалб қилишади. Ҳаётни қора рангларда кўрувчи, ғийбатчи ва бошқаларга нисбатан салбий муносабатда бўлган кишиларни эса муваффақият четлаб ўтади.

6. Инсоннинг асл қиёфаси қийинчилик вақтида намоён бўлади

Ҳаммаси яхши бўлган пайтларда одамлар билан мулоқот қилиш осон. Бироқ мураккаб вазиятда ўзингизни қандай тутасиз? Ишончингиз комил бўлсин, атрофдагилар сизнинг айнан шундай вақтда ўзингизни қандай тутганингизни эслаб қолишади. Ўзингизни яхши томондан кўрсатишингиз мумкин бўлган дамлардан фойдаланинг.

Қандайдир хатога йўл қўйган бўлсангиз, ҳамкасбларингизга "ташланманг", айбни уларга ағдарманг. Бу муносабатларни фақат ёмонлаштиради.

7. Ўзингиз кўтарилаётган пайтда бошқаларни ҳам эргаштиринг

Фото: Designates

Карьера пиллапояларидан юқорига кўтарилиш ёқимли, албатта. Бироқ бошқаларга ҳам ёрдам беришни унутманг. Янги лавозимдан фақат ўз мақсадларингизни амалга ошириш учунгина фойдаланманг, бошқаларнинг ҳаётини ҳам яхшиланг. Одамларга ўз соҳасида ривожланишга кўмак берар экансиз, муваффақият сизга юз баравар ортиб қайтади.

8. Ўзингизни таққослашингиз мумкин бўлган ягона кимса — кечаги ўзингиз

Ўзингизни доим бошқалар билан таққослаб, муваффақиятга эриша олмайсиз, бу фақат бахтсизлик келтиради. Кечагидан яхшироқ бўлишга ҳаракат қилинг. Бунинг учун биринчи ўринга таълим ва ривожланишни қўйинг. Менинг карьерамдаги энг бахтсиз босқичлар — ўқимаган ва ривожланмаган пайтларим.

9. Карьерадаги энг катта таваккал - умуман таваккал қилмаслик

Америка флотининг биринчи аёл-адмирали Грейс Хоппер шундай дейди: "Кема портда хавфсизликда бўлади, бироқ кемалар бунинг учун қурилмайди".

Муваффақият кўпинча таваккал қилиш, тўғри сабоқ чиқариш ва олдинга қараб ҳаракат қилишга тайёр туришга боғлиқ.

10. Қаттиқ меҳнатга нима қўшиш кераклигини билинг

Тинимсиз меҳнат! Бошқа йўли йўқ. Бунга бироз сабр-тоқат ва қатъийлик қўшинг, шунда ҳаёт қийинчиликларида чиниқасиз ҳамда ирода кучига эга бўласиз.

11. Сиёсатни сиёсатчиларга қўйиб беринг

Ўз ишингизни барча хусусиятларингизни ишга солиб, имкон қадар яхшироқ бажаришга ҳаракат қилинг, сиёсатни эса сиёсатчиларга қолдиринг. Ҳа, баъзан у кимларгадир карьерада кўтарилишга ёрдам беради, бироқ бунинг тўлови бор. Бу ҳақиқатда сизга керакми ёки йўқ - яхшилаб ўйлаб кўринг.

12. Мерос қолдиришга ҳаракат қилинг

Мен ўз карьерам давомида кўп лавозимларда муваффақиятга эришдим, чунки доим ўзимдан кейин нима қолдиришим ва бошқаларга қандай таъсир кўрсатишим мумкинлиги ҳақида ўйлаганман. Ҳар янги лавозимга киришганингизда албатта шу саволларни ўзингизга бериб кўринг.

Мавзуга оид