Тошкент вилоятида янги аэропорт мажмуаси қурилмоқда
Тошкент вилояти Қибрай туманида «Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида фуқаролик (хизмат) авиацияси замонавий аэропорт мажмуасини қуриш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, айни пайтда Қибрай туманида жойлашган «Тошкент-Шарқий» аэродроми Мудофаа вазирлиги тасарруфидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказилган. Компания айрим вазирликлар ва идоралар билан биргаликда «Тошкент-Шарқий» аэродромининг бинолари, иншоотлари ва лойиҳа майдонини, шунингдек қурилиш зонасига кирмайдиган ҳудудларни аниқлади.
Аэродром базасида фуқаролик (хизмат) авиациясининг замонавий аэропорт мажмуасини қуриш ишлари бошланди.
Биринчи босқичда, учиш-қўниш чизиғи ва суткасига 6 минг йўловчини ўтказиш имкониятига эга бўлган терминал барпо этиш режалаштирилган. Барча қурилиш ишлари 2018-2020 йилларда давом этиши назарда тутилган.
Таъкидланишича, «Тошкент-Шарқий» янги қуриладиган авиация мажмуасида олий даражадаги хорижий делегацияларни кутиб олиш ва кузатишни ташкил этиш учун зарур шарт-шароит яратилади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, янги аэропорт қурилиши учун нафақат аэродром бинолари, иншоотларининг тегишли ҳудуди ҳамда уларда ўрнатилган ускуналар ва муҳандислик коммуникациялари, балки Мудофаа вазирлигининг 94 ва 122-ҳарбий шаҳарчалари (Тошкент вилояти, Қибрай тумани), шунингдек «Тошкент механика заводи» АЖнинг бинолари ҳамда иншоотлари тегишли ҳудуди билан ажратилди.
Аэродром ва ҳарбий шаҳарчалар ҳудудида жойлашган, бироқ қурилиш зонасига кирмайдиган объектлар Тошкент вилояти ҳокимлигига текин берилди.
430 миллион долларга баҳоланган яна бошқа «Тошкент-4» терминали қурилиши эса ўтган йили тўхтатиб қўйилганди. Айтилишича, қурилиш аҳоли турар жойлари ва бошқа бинолар бузилишини, Қорасув канали ёқасидаги ҳудуддан аҳолини кўчиришни талаб этади, бу эса туман аҳолиси томонидан норозиликларга сабаб бўлган.
Мавзуга оид
19:31 / 14.11.2024
Аэропортга ишга жойлаштириш эвазига 1,5 минг доллар олган ходим ушланди
16:28 / 01.11.2024
Зарафшон шаҳри аэропорти фаолияти тикланиши мумкин
16:01 / 28.10.2024
Қибрайда бепул тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул олинаётгани айтилмоқда
07:37 / 26.10.2024