Ўзбекистон | 14:40 / 29.05.2018
37668
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташриф буюриши кутилмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилда Франция Республикасига ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидаги ахборот манбасига таяниб Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, ташриф шу йили, ёзда амалга оширилиши назарда тутилган. Шунга қарамай, ташрифга доир батафсил маълумотлар ошкор этилмаяпти. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳитов давлат раҳбарининг кутилаётган ташрифлари юзасидан Kun.uz мухбирига шундай дейди:

"Франция билан алоқадор ташриф кутилмоқда. Айни пайтда биз ташрифни амалга ошириш устида иш олиб бормоқдамиз. Ўйлайманки, бу ҳақда айтса ҳам бўлади".

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, бундан ташқари яна бир нечта халқаро ташрифлар тайёрланмоқда. 

2017 йил сентябр ойида Франция Президенти Эмманюэль Макрон Шавкат Мирзиёевни Мустақиллик байрами билан қутлаб, Ўзбекистон Президентини Парижга таклиф қилганди.
Икки давлат ўртасидаги энг тарихда бор-йўғи уч марта давлат раҳбарларининг ташрифлари кузатилган. Илк бор Ўзбекистон собиқ раҳбари Ислом Каримов 1993 йилда, кейинроқ 1996 йилда Францияга ташриф буюрганди. Ўша пайтдаги Франция Президенти Франсуа Миттеран эса 1994 йили давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган. 

Франция Ўзбекистоннинг Европа минтақаси бўйича муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2017 йил якунига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси қиймати 251 миллион доллардан ошган.

Мавзуга оид