Жамият | 23:29 / 31.05.2018
23347
3 дақиқада ўқилади

«Менинг фикрим»​да энг кўп овоз тўплаган 5та мурожаат: дарахтлардан то носвойгача

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасига асосан ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шунга кўра, янги ташкил этилган «Менинг фикрим» порталига бирин-кетин жамоавий мурожаатлар пайдо бўла бошлади. Kun.uz мазкур мурожаатлар орасида энг кўп овоз тўплаган бештасини тақдим этади. 

Шаҳар ва қишлоқ жойлардаги дарахтларни асраб авайлаш тизимида ислоҳотларни амалга ошириш таклифи 31 май куни қайд этилган ҳолатга кўра 9197та овоз тўплаган ва оммабоп жамоавий мурожаатлар рейтингида пешқадам бўлиб турибди. Ушбу мурожаат муаллифи журналист Никита Макаренко таклиф этилаётган лойиҳа билан атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, шунингдек, рухсатсиз дарахтларни кесиб кетилишига қарши курашга чорламоқда.

6257та овоз тўплаган Равшан Намозовнинг йўллардаги оддий светофорларни камайиб борувчи сонияларни кўрсатиб турувчи светофорларга алмаштириш таклифи рейтингда иккинчи ўринда қайд этилган.

Учинчи ўринда кўрсатилган мурожаат матни шундай бошланади:

«Умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йили бошидан то охирига қадар ҳар чоракда ўтказиладиган ота-оналар йиғилишларида маблағ йиғиш масаласи муҳокама қилинади. Бу одатий ҳолга айланиб қолган. Ушбу салбий иллатга бугун барҳам берилмаса, келажакда болаларимиз мактабларда ўқиш ўрнига, айтилган маблағни етказа олмаганлиги учун ўқитувчи ва синфдошлари олдида изза бўлиши, бу эса уларнинг руҳий ҳолати ва ўқишига бўлган қизиқишининг сусайишига олиб келиши мумкин».

Шундан қилиб, Жамшид Холиқов умумтаълим мактабларда ўқувчи ва уларнинг ота-оналаридан ноқонуний пул йиғиш ҳолатларига барҳам беришни сўрамоқда.

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган энг оммабоп мурожаатлар орасида тўртинчи бўлиб турган таклиф муаллифи темир йўл вокзалларига кириб-чиқиш жараёнларини соддалаштириш ва эркинлаштиришни сўраган.

Бешинчи ўринда қайд этилган энг оммабоп жамоавий мурожаат эса Ўзбекистон ҳудудида носвойни тайёрлаш ва сотишни тақиқлаш таклифини илгари сурмоқда.

Шундай қилиб, порталда энг кўп эътибор қаратилган соҳа савдо ва уй-жой хўжалиги, хусусан қурилиш, тадбиркорлик ва саноат бўлиб турибди. Ундан сўнг, мурожаатчилар маданият ва спорт соҳасига эътибор қаратган.

Айни пайтда портал орқали иккита мурожаат - транспорт воситалари ойнасини қорайтиришга рухсат бериш ва Ўзбекистон Республикаси Президентини «Ўзбекистон Қаҳрамони» мукофоти билан тақдирлаш ҳақидаги жамоавий мурожаатлар кўриб чиқиш жараёнига йўналтирилган.

Мавзуга оид