Жамият | 13:13 / 01.06.2018
39630
7 дақиқада ўқилади

“Бу сувни чорвага ҳам берманг дейишди, биз эса уни истеъмол қиляпмиз...”

Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани, М.Отажонов фуқаролар йиғинида яшовчилар томонидан ҳудуддаги одамлар истеъмол қилаётган сув соғлиқ учун зарарли экани, 2006 йил тоза ичимлик суви қувурлари олиб ташлангани сабабли 13 йилдан буён аҳоли қўлбола қудуқлардан фойдаланиб, тозаланмаган сув истеъмол қилаётгани, натижада аҳоли орасида ўт пуфаги ва бошқа ички аъзолар хасталиклари кўпайгани, болалар ва кексалар йиллар бўйи турли инфекцион касалликлардан азият чекишаётгани бизга маълум қилинди. Муаммони чуқурроқ ўрганиш мақсадида ҳудудга бордик. Илк ишимиз қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокори билан суҳбатлашиш бўлди.

— Чиндан ҳам, М.Отажонов массивидаги ичимлик суви инсон соғлиги учун зарарли. Ҳудуд ер ости сувлари жуда юза жойлашган бўлиб, икки метрга етар етмас чуқур қазисангиз, сув кўринади. Ҳатто ҳожатхона ва “качалка” (ичимлик суви олинадиган қўлбола сув чиқаргич) жуда яқин масофада қурилган ҳолатлар ҳам бор. Ҳовлилардаги ерни ковлаб қурилган оддий ҳожатхоналарнинг чуқурида ҳам ифлосланган сув кўриниб туради. Мана шундай зарарли ва оқава сувлар қўшилиб кетгани учун бу ҳудуддаги қудуқлардан сув ичиш мумкин эмас, — дейди қишлоқ поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Камуна Султоновна.

Суҳбат жараёнида шифокор ўзи шу ҳудудда яшаса-да, бу ернинг сувидан истеъмол қилмаслиги, Оққўрғон туманидаги тоза ичимлик сувидан олиб келиб фойдаланишини ҳам айтиб ўтди. Шифокор бу сувдан ичмас экан, унда нега оддий аҳоли кўра-била туриб зарарли сувни ичишаяпти?!

— Лекин поликлиникада сув бор. Бу ҳақда танқид ёзманглар яна, — деб қўшимча қилди шифокор.

Қизиқ, поликлиникада сув муаммоси бўлмаса, унда унинг ҳовлисида қўлбола сув чиқаргич (качалка) нима қилиб турибди?!

Тўғриси, биз бу шифокор опамизнинг хижолати сабабини “жуда яхши” тушундик. Шу боис гапимиз аввалида “Нега журналистга муаммоларни айтдинг?”, дея қош-қовоғини уювчи амалдорларга айтиб қўяйлик: Биз бу муаммоларни бировдан эшитмадик. Бордик, кўрдик, гувоҳ бўлдик ва ёздик. Ҳар қанча гапингиз бўлса, бизга айтинг. Биз билан суҳбатда бўлган шифокор ва ҳамширалар, оддий одамларни қистовга ола кўрманг. Сабаби биз ҳали воқеалар ривожини кузатамиз ва, зарурат бўлса, ёзишда давом этамиз.

Поликлиника муаммолари ҳақида бошқа сафар тўхталишни мақсад қилдику, фақатгина сув билан боғлиқ ўз кўзимиз билан кўриб, суратга туширган ҳолатдан кўз юмиб ўтолмадик.

Шундай қилиб, бизга ўзида ички бир “жасорат” топиб интерьвю берган ҳамшира қиз Феруза Давлатова қуйидагиларни гапириб берди:

— Бу ерда яшовчи ҳамма болалар гижжа касалликлари туфайли азоб чекишади. Сабаби сувимиз ифлос. Поликлиниканинг “башния”си бор. Лекин тез-тез бузилиб қолади. Бугун ҳам бузилиб қолгани учун шу “качалка”дан сув ташияпмиз. Илтимос, бор гапни ёзинг. Қачонгача ўзимиз ҳам, болаларимиз ҳам сувнинг зарарлилигини, ҳатто қайнатгандан кейин ҳам истеъмол қилишга яроқсизлигини билиб туриб ичишга мажбур бўламиз? Нега минглаб аҳоли зарарли сувни ичяптию, ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ?! 

Поликлиникадан чиқиб, қишлоқ ораладик. Одамларнинг уйидаги қудуқларни кўрдик. Аҳоли билан суҳбатлашдик.

— Неварам бир ҳафта соғ бўлса, бир ҳафта яна “Қорним оғрияпти”, деб иссиғи чиқаверади. Касалхонага олиб борсак, “Ҳаммаси ичираётган сувингиз туфайли. Қайнатилганини ҳам берманглар. Сувни сотиб олиб ичинглар”, дейди. Сув билан сутнинг нархи деярли бир бўлса (бу ерда бир литр сут 2000 сўм экан) ёзнинг иссиқ кунида катта оилага эҳ-ҳе қанча сув кетади?! Қурбимиз етмайди-да, сув сотиб олиб ичишга. Енгил автомашинаси борлар қўшни туманлардан катта идишларда сув олиб келиб ичишади. Машинаси йўқлар нима қилсин?! — дейди ўзини Матлуба ая деб таништирган онахон.

— Биз сувдан намуна олиб бориб, текширтириб келдик, — дейди шу ерлик Кенжа Жобиров, — Унинг таркибида шундай зарарли микроблар бор эканки, ҳатто молларингизга ҳам берманг, фақат кир ювиш ва суғоришга ярайди, дейишди.

“Шу пайтгача тегишли жойларга шикоят қилмадингизми?” деган саволимизга эса бироз кулгили, аммо аччиқ ҳақиқат бўлган бир жавобни олдик. “Туманимизда ҳокимлар шунчалик тез алмашадики, бир шикоятнинг ечимигача етиб бормаймиз ҳам. Умид қиламизки, янги ҳокимимиз бизнинг муаммомизни ҳал қилиб беради”.

Бизга яна қизиқ туюлгани бундан 13 йил аввал, яъни 2006 йилгача мавжуд бўлган тоза ичимлик суви қувурлари қаерга кетди?! Ўзи бу ҳудуд нима сабабдан ичимлик сувидан маҳрум қилинган? Нега йиллар бўйи халқ нопок сув ичиб келишга мажбур бўляптию, масъул одамлар бунга бефарқ? Халқ қачон тозаланган, истеъмол учун яроқли сув билан таъминланади? Бу каби саволларга биздан бошқа яна кимдир, тўғрироғи, бу муаммонинг бошида турган мутасаддилар ҳам қизиқишлари шарт. Шундай эмасми?

Бу қишлоқдан қайтишга тараддудланарканмиз, маҳалладаги кекса отахонлардан бири қўлини дуога очиб, узундан-узоқ дуо қилди. Шу дуо сўзлари орасидан қуйидаги гап шууримга муҳрланиб қолди: “Ҳар доим ва, айниқса, рўза-рамазон кунлари Аллоҳим ҳар биримизни саҳарлику ифторлик маҳалларида ҳалол, гумонсиз луқма билан сийласин”.

Рўза оғзини обиҳаёт билан эмас, зарарли сув билан очаётган М. Отажонов фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам шу муборак ойда тоза, истеъмол учун яроқли ичимлик суви билан таъминланиши керак. Бу муаммога тегишли одамлар эътибор қаратишади, деган умиддамиз. Мазкур мавзуга рамазон ойи якунида яна қайтамиз.

Ситора ТОЖИДДИНОВА,
журналист

Мавзуга оид