Юраги қаердалигини билмайдиган талаба (машҳурлар ҳаётидан)
Дунё ўз бағрида доим турфа хил инсонларни сақлаб келган. Улар ўй-хаёллари, яшаш тарзлари, ҳаётга қарашлари ва фикрлари билан ўзгалардан ажралиб туришган. Буни уларнинг умр йўлида учраган воқеалар ҳам тасдиқлаб туради.
“Тушунарли” ва “тушунарсиз” буюклар
Биз Муҳаммад Юсуфни ҳаммага бирдек тушунарли, халқона оҳанглари учун яхши кўрамиз. Рауф Парфини эса бениҳоя гўзал ташбеҳлари, ноодатий фалсафаси учун улуғлаймиз. Аслида, уларнинг иккаласи ҳам буюк шоир. Бири ҳамманинг меҳрига сазовор бўлгани учун, иккинчиси ҳаммадан бошқача бўлгани учун.
Манбаларда зикр қилинишича, Альберт Эйнштейн Чарли Чаплиннинг фильмларини севиб томоша қилар, унинг мухлиси экан. Бир куни у суюкли актёрига шундай нома юборибди: “Сизга қойилман, санъатингиз ҳаммага тушунарли. Сиз келажакда буюк одам бўласиз. Эйнштейн”. Орадан кўп ўтмай жавоб хати келади: “Мен эса Сизга қайта-қайта қойил қоламан. Сизнинг нисбийлик назариянгизни жаҳонда камдан-кам одам тушунади, лекин барибир сиз улуғ одамсиз. Чаплин”.
*
Юраги қаердалигини билмайдиган талаба
Якуний имтиҳонлар арафасида талабалар орасида қандай қилиб бўлса ҳам баҳоларини олиш ташвиши оралаб қолади. Ўз вақтида ўқиб, дарсларга тўлиқ қатнашган ёшларнинг кўнгли тўқ, аммо бироз дангасароқ, қандайдир сабаблар туфайли сабоқларга қатнаша олмаганларнинг эса ҳолига вой. “Тушунган” ўқитувчи учраса-ку, бир амаллашар, аммо “тушунмайдиган”лари ҳам бор-да.
Аслида, бу бугуннинг гапи эмас. Неча замонлардан бери авлодлардан авлодларга “мерос” бўлиб ўтмоқда. Қолаверса, бу “ташвиш” фақат бизда эмас, дунё талабалари орасида ҳам бор. Шунинг учун бўлса керак, ҳақиқату тўқималар аралаш турли-туман ҳикоялар ҳам даврдан даврга ўтиб бораверади.
Шундай ҳикоялардан бири қуйидагича: Петербург ҳарбий-тиббиёт академиясида дарс берган таниқли рус шифокори Сергей Петрович Боткиннинг олдига бир талаба келибди. У шундай талаба эканки, маърузаларга ҳам, амалий машғулотларга ҳам қатнашмаган. Шу боис ўқитувчининг ҳеч бир саволига жавоб бера олмабди. Шундай қилиб, шифокор учинчи марта баҳо сўраб кирган бояги талабани қувиб солибди. Бироздан сўнг унинг дўстлари ҳовлиқиб устозларининг олдига келишибди-да, баҳо ололмаган курсдошлари жуда хафа бўлгани, юрагига пичоқ урмоқчи эканини айтишибди.
С. Боткин эса бамайлихотир шундай деган экан: “Ташвишланманглар, дўстингиз инсон танасининг тузилишини билмайди. Шунинг учун у юрагини тополмайди”.
Бир долларга ҳам арзимайдиган ўйлар
Ҳар бир инсоннинг руҳий дунёсида шундай ичкин ўйлар бўладики, уни Яратгандан ўзга илғай олмайди. Айниқса, ёзувчи-шоирлар, ихтирочи олимлар, умуман, янгилик яратишга истеъдоди бор одамлар доимий хаёллар қуршовида бўлишади. Аммо, шуниси қизиқки, уларнинг ҳеч қайсиси “подадан олдин чанг чиқариш”ни, яъни ўйлаб турганларини кимгадир айтишни хоҳлашмайди. Бу ҳақда бир қанча тарихий ҳикоялар ҳам бор.
Нақл қилинишича, таниқли драматург Бернард Шоу бир тадбирда ўз хаёллари билан банд бўлиб ўтирса, пулдор молиячилардан бири унга сўз қотибди: “Сизнинг нима ҳақда ўйлаётганингизни билиш учун мен бир доллар тўлашга розиман”. Шунда фасоҳат соҳиби бўлган Шоу “Эй дўстим, менинг ўйларим бир долларга арзимайди”, деган экан. Шу жавобдан кейин ҳам хулоса чиқара олмаган бояги одам барибир унинг нима ҳақда ўйлаётганига қизиқаверибди. Шунда драматург “Сиз ҳақингизда ўйлаб турувдим”, деб жавоб берган экан.
Мавзуга оид
20:52 / 10.04.2019
Порошенко штабида Зеленский Чарли Чаплинга қиёсланди
13:28 / 14.06.2018
Альберт Эйнштейннинг ирқчилик кайфиятидаги ёзувлари эълон қилинди
17:49 / 29.04.2018
36 ёшли ўзбек олими Эйнштейннинг тахминларини амалда исботлади
12:00 / 25.10.2017