Жамият | 14:26 / 09.06.2018
15078
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт аэропортида 153 млн сўмлик iPhone’лар ушлаб қолинди

Фото: “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати

“Тошкент” халқаро аэропорти орқали божсиз олиб кириш меъёрлари асосида товарларни олиб ўтиб, ички бозорларга қайта сотиш мақсадида ташиётган шахслар фаолиятига чек қўйиш мақсадида божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда доимий тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

“Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати хабарига кўра, ана шундай тадбирлардан бирида хориждан учиб келган фуқаро Х.Ш божхона назоратидан йўловчилар кўмагида олиб ўтилган 6 дона iPhone русумли уяли алоқа воситаларини аэропорт автотураргоҳида йиғиб олиб кетмоқчи бўлиб турган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди. Дастлабки суриштирувларга кўра ушбу уяли телефонларнинг умумий қиймати 40 млн сўмни ташкил этар экан.

Яна бир ҳолатда эса “Шаржа-Тошкент” йўналиши бўйича учиб келган фуқаро A.Д. божхонадан “яшил” йўлак орқали бамайлихотир ўтар экан, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ҳам ёнида ҳеч қандай ортиқча маҳсулотлари йўқлигини маълум қилди.

Аммо унинг багажи назорат тартибида божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида декларацияланиши лозим бўлган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқча яъни умумий нархи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан қарийб 113 млн сўмлик жами 16 дона iPhone X русумидаги уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид