Ўзбекистон | 11:17 / 13.06.2018
50199
5 дақиқада ўқилади

​​Ёшлар Иттифоқи «1-2 сўм топиш илинжида ишга чиққан уюшмаган ёшлар»га футбол ўйнатиб, ғолибларга пахта ёғи топширди

Фото: Facebook / Ёшлар Иттифоқи

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи навбатдаги ташаббуси ҳақида эълон қилиб, ижтимоий тармоқда кулгига қолди.

Иттифоқнинг фейсбукдаги расмий саҳифасида Ёшлар Иттифоқининг Бухоро шаҳар кенгаши томонидан амалга оширилган тадбир тўғрисида ҳисобот берилган.

«40 нафар уюшмаган ёш Бухоро шаҳридаги мардикор бозорига 1-2 сўм пул топиш илинжида чиқади. Бозорда кунлик ё ҳафталик иш топган ёш турли шароитларда ишлайди ҳам, аммо эртага шу иш борми ё йўқ, бу ҳам номаълум. Бунинг устига бу ёшлар ҳам жамиятда ўз ўрнини топишни, муносиб шароитларда ишлашни истайди. Ёшларга берилаётган имкониятлардан фойдаланишга улар ҳам ҳақли, албатта», дейилади хабарда.

Аммо иттифоқ бу ёшларни доимий иш билан таъминлаб қўймаган, уларга мавсумий ёки кунлик иш ҳам топиб бермаган.

«Ёшлар иттифоқи Бухоро шаҳар Кенгаши ташаббуси билан ана шу ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, уларни соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш, фаолликка чақириш мақсадида футбол мусобақаси ташкил этилди. Мусобақа аввалида ёшлар «Иттифоқ фарзандлари» ҳамда «Ўзбекистон ёшлари» жамоаларига бўлинишди. Шундан сўнг, қизғин ва муросасиз ўйин бошланди. Кетма-кет қилинган ҳужумлар, муносиб ҳимоя ўйинни янада қизиқарли ўтишига замин бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, «Иттифоқ фарзандлари» жамоаси «Ўзбекистон ёшлари» жамоасини 3:0 ҳисобига мағлуб қилиб, ғолибликни қўлга киритди», дея давом этилади хабарда.

Ўйиндан сўнг «ғолиб ва совриндорлар»га Иттифоқнинг Бухоро шаҳар кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалар — бир литрдан пахта ёғи ва электр-чойнаклар топширилган.

Фото: Facebook / Ёшлар Иттифоқи

Бу пост ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳам кулгисига ҳам норозилигига сабаб бўлган. Улар Иттифоқ аъзолари бўлмаган ёшларни «маънавияти қашшоқ», «уюшмаган ёшлар» каби ҳақоратли атамалар билан атамасликни сўрашган.

«Тирикчилик дардида кўчага ризқини қидириб чиқиб ҳалол меҳнат қилганларни нега «уюшмаган ёшлар» деган хунук сўз билан қўшиб ёзасизлар?» (우즈백)

«Бунинг ўрнига катта иш олган қурувчилар билан гаплашиб уйлар, бинолар қурилишини гаплашиб бермабсизларда. 1-2 ой иш билан таъминланар эди. Ғишт урадими, сувоқчиликми, ҳамма ўзининг қўлидан келадиган ишини қилса...» (Nurmukhammad Ismailoff)

«Ие, бу болалар ҳар куни меҳнат тагида жигари эзилса, яна соғлом турмушга тарғиб қилдик дейишингиз нимаси? Юзларидан ҳам билиниб турибди роса хурсанд бўлганлари. Мен бирор иш ўрнига жойлаштиришдимикан деб ўйлабман» (Muhammadsarvar Erkinboyev)

«Ёшлар Иттифоқи Бухоро шаҳар кенгаши томонидан, ... ёшлар ўртасида ўтказилган футбол мусобақаси ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари ( жумладан бир баклажка оқ мой) топширилди. Ҳойнаҳой иккинчи ўрин соҳибларига бир донадан кир совун тақдим этилгандир, одам бўмаймиз бу туришда! Шуниям факт учун расмга оладими ЁИ?» (Asliddin Mavlonov)

«Уларга пул керак, яхши ойлик, иш бўлса ҳордиқни ўзи чиқариб олади! Шу бир тийинга қиммат футболни деб бир кунлик иш ҳам расво бўлибдида!» (Jakhongir Ostonov)

«Уюшмаган ёш деган медага тегадиган терминдан қачон воз кечасизлара, маддоҳлар! Ёки шуниям Президент алоҳида айтиши керакми?» (Olimjon Haydarov)

«Копток тепгандан 1-2 сўм пул ишлагани яхши эдику, ёки футбол ўйнаб уюшиб қолишдими? Кўчага чиқиб пул топаман деган ихтиёрий ёш уюшмаган бўлаверадими? «Уюшмаган ёшлар» деган ташхис қандай қўйилади? Қайси анализга ёки мезонга асосан бу «нишон»ни ёшларга тақасиз?» (Shavkat Homidjonov)

«Ишдан чарчаааб, яна копток ўлгурни юмалатишибдида? Боз устига рўза кунида! Рўзадорлариям бордир ораларида? Ҳалиги нима дейишарди? Ҳамманг чиқ автобусга! Расмга тушамиз» (Sardor Bek Erkinbaev ).

Ҳақиқий ҳолат шундай. Ташкилотнинг имижи кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Бу ҳолат Ёшлар иттифоқига саволларни янада кўпайтиради. Майнабозчилик қилиш қачон бас қилинади?  Бу тузилма қачон «уюшмаган» ёшларни тинч қўйиб реал ижтимоий-сиёсий долзарб муаммоларни ҳал қилади? 

Мавзуга оид