Жамият | 12:58 / 15.06.2018
54420
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти ҳокимининг икки ўринбосари ўзгарди

Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашининг навбатдан ташқари 32-сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси Умар Исмоилов иштирок этди. Йиғилишни кенгаш раиси, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев олиб борди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги сайти.

Сессия кун тартибида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берган вазифалар ва вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилиш давомида берилган топшириқлар, ташкилий ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Сессия қарорига кўра, Фарғона вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Садриддин Бурхонович Қўчқоров ўрнига Акмалхон Жўрахонович Ортиқов ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Маъмуржонович Турсунов ўрнига Шуҳрат Жўрақулович Тешаев тайинланганлиги маъқулланди.

Йиғилишда вилоят ҳокимининг янги тайинланган ўринбосарлари мамлакат раҳбари эътиборига тушган, юқори билим ва касбий тажрибага эга, меҳнат фаолияти давомида самарали ишлаган энг яхши кадрлардан эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Мавзуга оид