Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига рамзий тамал тоши қўйди
Ислом цивилизацияси марказига тамал тоши қўйилди. Давлат раҳбари ўтган йили 1 сентябрь куни пойтахтдаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиши, мақсад ва вазифалари юзасидан кўрсатмалар берган эди. Шу асосда мазкур қадимий мажмуа ёнидан ўн гектарга яқин жой ажратилди. Лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳудуд қурилишга тайёрланди.
15 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига рамзий тамал тоши қўйди.
Давлат раҳбари тадбирга йиғилган диний уламолар ва барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклаб, марказ қурилишининг шундай улуғ айём кунида бошланаётгани замирида эзгу ният, чуқур мазмун борлигини таъкидлади.
Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини ўрганиш, боболаримизнинг буюк меросини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир. Худо хоҳласа, ҳамма саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фанга, маданиятга, тинчлик-осойишталикка замин яратади, деди президент.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритадиган ушбу марказнинг асосий ғояси аждодларимизнинг ислом дини ривожига улкан ҳиссасини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдир. Шу мақсадда бу ерда музей ташкил этилади, илмий фаолият йўлга қўйилади. Ватанимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизациядаги ўрни тадқиқ этилади. Уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатлари кенг тарғиб қилинади. Мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳияти чуқур очиб берилади.
Марказ биноси юртимиздаги қадимий мадрасалар кўринишида, гумбазли қилиб қурилади. Кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.
Биз шундай буюк мероснинг давомчилари бўла туриб, илмда ортда қолдик. Бугунги ташаббусларимиз, бошлаган ишларимизни барча мусулмон мамлакатлари тан оляпти. Энди шунга муносиб бўлишимиз, илм-маърифатда ўрнак бўлишимиз керак, деди давлат раҳбари.
Жамиятда меҳр-оқибат муҳитини яратиш, адашганларни афв этиш, имом-хатиблар малакасини ошириш, ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.