Спорт | 20:30 / 27.06.2018
15807
4 дақиқада ўқилади

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Тақдир ипи

B гуруҳи вакиллари ўртасидаги ўйинлар шиддатли кечди. Бунга қўшиласиз, албатта. Лекин гуруҳнинг ўйинлари худди шу ҳисоблар бўйича тескари кўриниш олганда, дейлик, биринчи турда Португалия ўйинни Эрон билан бошлаганда, Испания эса, Марокашга қарши бошлаганида нима бўларди? 

Иккинчи турда Роналду ватандошлари биринчи турда очко эгаси бўлган Марокашни қабул қилишсаю, биргина очколи Испания Эрон билан ўйнаса...

Охирги турда Марокаш – Эрон ва Португалия – Испания бўлса, келинг, тасаввур қилиб кўрайлик.

Демак, биринчи тур: Португалия – Эрон – 1:1. Куарежманинг чиройли голи билан фестивал бошланмоқда, ҳамма Роналдуни алқаб ётган пайти жаҳоннинг энг яхши футболчиси пенальтидан ура олмаяпти. Икки терма жамоада биттадан очко.

Испания Марокаш билан баҳслашмоқда ва у ўйин билан Равшан Эрматов мусобақани бошламоқда. Искога бағишланган кеча испанларга омадли бир очкони ҳадя этмоқда. Матбуот Марокаш ҳақида ҳапқириб ёзаётган бўларди, аниқ. Турнир жадвали қуйидагича:

Иккинчи тур биз гувоҳи бўлган иккинчи турга тўғри келаверади. Ўртаси-ку... 

Марокаш – Португалия – 0:1, ниҳоят Роналду ўз номини таблога ёздириб қўйди. Испания – Эрон – 1:0. Эронликларнинг уринишлари бесамар кетди. Турнир жадвали эса қуйидагича:

Учинчи тур олдидан ҳаммада имконият бор. Эрон Марокаш билан ўйнар экан, икки терма жамоа параллел равишда ўйнайдиган фаворитлар учрашувда кимдир ғалаба қозонишига ишона олади. Чунки иккиси ҳам ғалаба қозонса, плей-оффда Уругвайдан қочиб, Россияга тўқнаш келишини яхши билади.
Параллел ўйинлар: Португалия – Испания. Марокаш – Эрон. 

Португалияликлар ҳисобни очишади, табиийки, ғалабани ушлаб қолиш учун уриниш бошланади. Лекин Испания жавоб беради, қолганини биласиз. Параллел ўйинда ҳам ғалабадан бошқасига рози бўлолмайдиган Африка ва Осиё жамоалари тинимсиз ҳужумлар қилишмоқда. Ҳисоб очилмаган ўйин асабий ўтишига сабаб, нариги баҳсда тахминан 87-дақиқа Испания 3:2 ҳисобида енгмоқда. Онлайн жадвал мана бунақа:

Испанларнинг тинимсиз ҳужумидан билса бўладики, Роналду жамоадошлари яна гол ўтказиб юборишлари мумкин. Демак, буёқда кимдир уриши керак. Эрон уради. Марокашликлар ўз дарвозаларини ишғол этиб қўйишмоқда. Эрон учун яна битта гол кейинги босқич масаласини ҳал қилади. Ё Испанияга ишониб қолишади, биттагина гол...

Аммо охирги дақиқаларда Роналду катта саҳнага чиқади ва... Худди келишиб олганимиздек.

Эрон эса, яна гол уришидан маъно йўқлигини англаб етади, Марокаш эса, иккита гол ургани билан-да, европаликларга етиб ололмаслигини билади. Хуллас, охирги дақиқалар Марокаш ва Эрон ўйлаганидек бўлиб чиқади: европаликлар бир-бирларини қўллаб юборишди. 

Тақдир шунақа. Ипнинг учини топиб, нариги томонига қараб кетсангиз ҳам, иккинчи учи топилмайди. Боя топган учига келиб қоласиз. 

Мен нима учун бу тахайюл мақоласини ёздим: Англия ва Бельгия ўйинидан норозилар бор экан, охирги турда эмас, бошида ўйнашлари керак эди, дегувчилар. Ишонаверинг, шу вариант яхшироқ ва охирги турда Бельгия Панама дарвозасига голлар ёғдираётганда, хаёли нариги томондаги ўйинда тунисликларни ғажиётган инглизларнинг голини кутишларига, гол бўлгач, яна олдинга ўтишларига тўғри келаверади. Бу ёмонроқ ҳолат. Қайтанга, тақдир инъоми бўлмиш 3-тур, Бельгия-Англия ўйинини кўриб қўя қолайлик, а?! Ахир, улар ҳар томонлама бир хил кўрсаткич билан етиб келишди-ку шу нуқтага, яна нима керак уларга? Ғарибларни янчгандан кўра ўзлари ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олаверишсин, тўғрими?!

PS: D гуруҳини эса, бошқача тасаввур қилишга қўрқаман. Ҳалиям кечаги ўйинлар кайфиятидаман.

Мавзуга оид