Жамият | 22:07 / 28.06.2018
109149
2 дақиқада ўқилади

Автомобиллар ойналарини қорайтиришга рухсат берувчи қарор лойиҳаси тақдим этилди

Ўзбекистон ҳукуматининг тонировка қилинган ойнали транспорт воситалари эксплуатациясини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида муҳокама учун тақдим этилди

Ҳужжатда Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 1 июлидан тўлов асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг қорайтирилган ойнали енгил транспорт воситалари эксплуатациясига доир таклифини тасдиқлаш таклиф этилади.

Ҳужжатга кўра, автомобиль орқа ойнасининг ёруғлик ўтказувчанлиги 5 фоиздан кам бўлмаслиги керак, орқа ўриндиқнинг ён томонларидаги ойналарнинг ёруғлик ўтказувчанлиги эса 30 фоиздан кам бўлмаслиги кўзда тутилган. Тонировкани ўрнатиш ИИВ қошидаги "Инновацион лойиҳалар ва аҳолига хизмат кўрсатиш маркази" томонидан давлат стандартига кўра ишлаб чиқилган ва тасдиқланган тартибда амалга оширилади. Давлат стандарти Йўл ҳаракат хавфсизлиги давлат хизмати бўлимлари томонидан 1 йил муддатга бериладиган рухсатга асосланади. 

Ўз ўрнида енгил транспорт воситалари олд ойнасининг юқори қисмида кенглиги 14 сантиметрдан ошмаган 30 фоиздан кам ёруғлик ўтказувчи чизиқларни ўрнатиш учун рухсат талаб этилмайди. 

Тонировкани ўрнатишга рухсат олиш учун тўловлар ставкаси жисмоний шахслар учун - энг кам иш ҳақининг 90 баравари, юридик шахслар учун эса 120 минимал иш ҳақини ташкил қилиши мумкин. Хорижий мамлакатларнинг юридик шахслари учун тўлов 140 энг кам иш ҳақи миқдорида бўлиши кутилмоқда.

Хорижий давлатларнинг ойнаси қорайтирилган транспорт воситаларининг Ўзбекистонга кириши ва унинг ҳудуди бўйлаб транзити учун 15 доллар миқдорида йиғим ундириш таклиф қилинмоқда. 

Мавзуга оид